Создать публикацию

Uzbekistan

Ўзбекистонда янги агентлик ташкил қилинди


Ўзбекистон Автомобил ва дарё транспорти агентлиги ўрнида Ўзбекистон Автомобил транспорти агентлиги ташкил қилинди. Дарё транспортини бошқариш вазифаси эса Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига ўтказилди.

Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг 3589-сонли “Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтиб ўтилган.

Ҳужжатда айтилишига кўра, бугунги кунда республикада автотранспорт ҳўжаликларини модернизация қилиш замонавий талаблар даражасида эмас, соҳада илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва интеллектуал транспорт тизимлари етарли даражада жорий этилмаяпти. Оғир юк ташувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракатдаги таркиби паркининг эскирганлиги юқорилигича қолмоқда.

Ундан ташқари, ташиш жараёнлари, қатнов жадвалларига риоя этилиши, йўловчилар томонидан йўл ҳақини электрон тарзда тўлаш самарадорлиги, тушумнинг йиғилиши ва тўлалиги устидан марказлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорати тизими мавжуд эмас.

Юқоридагиларни қайд этган ҳолда, ҳамда автомобил транспорти тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш, автотранспорт хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг дарё транспорти соҳасидаги давлат бошқаруви бўйича ваколати Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилсин.

2. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги (кейинги ўринларда “Ўзавтотранс” агентлиги деб аталади) этиб қайта номлансин.

“Ўзавтотранс” агентлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилар бўлади:

  1. автомобиль транспорти объектлари ва йўловчилар хавфсизлигини таъминловчи истиқболли ахборот-коммуникацион технологияларини ва инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда янги бошқарув тизимларини жорий этиб, автомобиль транспорти соҳасида ягона техника сиёсатини юритиш;
  2. автомобиль ташувларида хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро нормалар, илмий-текширув, лойиҳа-конструкторлик, технологик ишларни инобатга олган ҳолда техник тартибга солиш соҳасида норматив хужжатларнинг ягона маълумотлар базасини ишлаб чиқиш ва шакллантириш;
  3. қишлоқ аҳоли пунктларини, шаҳарлар, вилоят ва туман марказларини боғловчи янги йўналишларни очиш, автомобиль транспортини ривожлантириш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  4. замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаб, автовокзаллар ва автостанциялар фаолиятини марказлашган ҳолда бошқариш ва мувофиқлаштириш тизимини жорий этиш;
  5. автовокзаллар ва автостанциялар, тўхташ бекатларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилишни ташкил этиш;
  6. ташиш жараёнлари, қатнов жадвалларига риоя этилиши, йўлларда ҳаракатланиш тезлиги мониторинги, ҳаракат йўналиши схемасига риоя этилиши ҳамда марказлашган диспетчерлик бошқаруви ва назорати тизимини жорий этиш;
  7. хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан фаол мулоқот қилиш орқали автомобиль транспорти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, янги мунтазам халқаро автобус йўналишларини очиш;
  8. автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш, ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимларига риоя этилишини назорат қилиш;
  9. автомобиль транспортида, энг аввало, транспорт хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни тизимли ташкил этиш;

Автотранспорт соҳасидаги профессионал ўқув муассасалари

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Нукус автомобиль йўл-хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини, Андижон транспорт ва хизматлар кўрсатиш касб-ҳунар коллежини ҳамда Самарқанд автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежини, уларнинг таъминотини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, “Ўзавтотранс” агентлиги таркибига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ривожланиш жамғармаси

Илмий-тадқиқот ишлари, йўловчи автовокзаллари ва автостанциялари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли бўлган умумий фойдаланишдаги йўловчи йўналишлари оралиқ бекатларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича дастурлар, автотранспорт воситаларини харид қилиш ва автомобиль транспортини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ўзавтотранс” агентлигини сақлашни молиялаштириш мақсадлари учун юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Автомобиль транспортини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этилсин.

Жамғармани молиялаштириш манбалари:

  1. шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга оширишга лицензиялар бериш ва уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун тўланадиган давлат божи маблағларининг 100 фоизи;
  2. “Ўзавтотранс” агентлигининг ҳудудий бошқармалари инспекторлари томонидан автомобиль ташувлари соҳасида тузилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар бўйича ундириладиган жарималар суммасининг 84 фоизи;
  3. Жамғармага юкланган вазифаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорлар кредитлари (заёмлари) ва грантлари;
  4. давлат ва хусусий ҳамкорлик доирасидаги хусусий инвестициялар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Автовокзал ва автостанциялар Ўзавтотранс агентлиги тасарруфига ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда “Ўзавтотранс” агентлиги ва унинг томонидан ташкил этиладиган янги мустақил ташкилотларга давлат тасарруфидаги автовокзаллар, автостанциялар, бинолар ва ишлаб чиқариш майдонларини бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.