Создать публикацию

Uzbekistan

Тошкентнинг тунги сенсациялари ёки “Тошшаҳарнур” тунги жиноятларга шерикми?

 

Тошкентнинг тунги сенсациялари ёки “Тошшаҳарнур” тунги жиноятларга шерикми?
Тошкентнинг тунги сенсациялари ёки “Тошшаҳарнур” тунги жиноятларга шерикми?


Тошкентда қоронғу тушиши билан тунги “спектакл”лар бошланади. “Спектакл”дан парчалар эса тонггача интернет ахборот сайтларида намоён бўла бошлайди. 


“Чилонзорда даҳшатли ЙТҲ содир бўлди”, “Юнусободда "Матиз" ва "Каптива" тўқнашиб кетди”, “Юраги бўшлар кўрмасин, "Ласетти" ҳайдовчиси болакайни уриб юборди”, бу каби сарлавҳаларни кузатиб бош ролдаги қаҳрамонларга ачинади одам. Ахир, бу театрда эмас, ҳақиқий ҳаёт саҳнасида юз бермоқда. 


Биз, журналистлар даҳшатли йўл транспорт ҳодисаларини тасвирлашга ишқивозмиз, лекин, уларнинг содир бўлиши сабабларига унча қизиқмаймиз. 


Нега Тошкентда ЙТҲлар кўп содир бўлмоқда?

Юзага келаётган йўл транспорт ҳодисаларини кузатиб шунга гувоҳ бўлдикки, аксарият ЙТҲлар қоронғу вақтда содир бўлган. (27.12.2017, 01.01.2018, 04.01.2018)... 


Биз бирма-бир интернет сайтларидаги автомобиль одам уриб юбориши ва бошқа улов билан тўқнашиши ҳамда йўл четидаги тўсиқларига урилиши ходисаларини кузатиб чиқдик. Уларнинг кўпчилиги кеч тушган вақтга тўғри келади. 


Ички ишлар вазирлиги маълумот беришича, Тошкент шаҳрида марказдан ташқари, маҳаллаларда кўчаларнинг ёритилиши қониқарли даражада эмас. Шаҳар кўчалари тўлиқ ёритилса, кечаси содир бўлаётган ЙТҲлар 10-15 фоизга камайган бўларди. 


Тошкент автомобиль халқа йўлининг Ибн Сино қисмидан бошланиб то Ҳасанбой, Келес йўл ўтказгичигача бўлган қисмида йўл четидаги симёғочларга ўрнатилган чироқлар умуман ёритилмайди. Оқибатда халқа йўлининг айнан шу қисмида йўл транспорти ҳодисаси кўпроқ содир бўлади. Одатда ҳалқа йўлларида автомобиллар катта тезлик билан ҳаракатланади, йўлларнинг қоронғу эканлиги ҳайдовчиларга ҳалақит қилади, йўловчиларни ҳам пайқамай қолиш мумкин. Автомобиль ҳалқа йўлининг қолган қисмида ҳам симёғочга ўрнатилган чироқлар хира ёритилган.


Шунингдек, мавсумий ёғингарчиликларда яхши ёритилмаган кўчаларда автомобиль ҳаракатланиши хавфсизлиги янаям камаяди. Сабаби, оддий кунларда автомобиль чироғи 50 метр узоқликни ушласа, ер нам бўлган ҳолатда бу масофа 15-20 метрни ташкил этади. Натижада ЙТҲнинг кўпайишига яна замин яратилади. 


Фақат марказий кўчалар ёруғ, бошқалари эса “бўлаверади”....

Кеч тушгач Тошкент кўчаларини кезар эканмиз фақатгина марказий кўчалар четидаги симёғочларга ўрнатилган чироқлар тўлиқ ёритилишига гувоҳ бўлдик. Бошқа аксарият кўчалардаги симёғочларнинг ҳар иккисидан бири ёки ҳар тўрттасидан биридаги чироқлар ёритилган бўлади. У ҳам бўлса хира. Қорақамиш даҳаси, Ибн Сино мавзеси, Истироҳат кўчалари, Чилонзорнинг кўпгина мавзелари мультфилмдаги “порлоқ йўл совхози”ни эслатади. Яна шунга гувоҳ бўлдикки, кўчаларда ҳафтанинг айрим (1-2) кунлари нисбатан тўлиқ ёритилади. Қолган кунларда эса Тошкентнинг марказий кўчаларидан ташқари бошқа аксарият қисмларида йўлнинг фақатгина бир четидаги симёғочларнинг иккисидан биридаги чироқлар ёқилган бўлади.


“Чорсу” бозорининг бешик ва ҳунармандлар қаторида ёритиш тизимининг ўзи йўқ. Йўлнинг нариги тарафидаги симёғочлардаги чироқлар ҳам аранг нур сочиб туради. Афсуски, кўчанинг шу қисмида аравакашлар ва улгуржи сотувчиларнинг кеч кириши билан йўлни кесиб ўтиши кўпаяди. Қоронғуликда эса, арава-ю уларнинг эгасини ҳам пайқамай қолиш мумкин. 


Киракашлар нима дейди?

Тошкент кўчаларини кезишда давом этамиз. Симёғочлардаги хира ёритилган чироқлар шарофати билан айрим йўлларнинг номини топишга ҳам эришолмадик. “Чўпон ота”, “Шуҳрат” кўчалари атрофида яшовчи аҳоли ҳам чала ёритилган йўлларга кўникиб кетишган. Кўчаларни таксичилардек яхши биладиган одам йўқ. Улардан пойтахт кўчаларини ёритилиш даражасини сўрадик. 


“Пойтахтимизнинг кўпгина кўчалари яхши ёритилмайди. Пиёда югуриб чиқиб қолса кўрмай қолишингиз ҳеч гап эмас. Хабарингиз бор, Тошкентнинг кўпгина кўчаларига темир тўсиқлар ўрнатилди. Кейинчалик эса машиналар унга урилиб ЙТҲ содир бўлаётгани рўкач қилиниб, айрим кўчалардан тўсиқлар олиб ташланди. Балки кўчаларимиз яхши ёритилганда яна харажат қилиб, тўсиқларни бузиш шарт бўлмасмиди.” – дея фикр билирди ўзини таништиришни истамаган такси ҳайдовчиси.


“ТВда йўл транспорти ҳодисаси тепасига келиб, ким айбдорлигини излашга уринишади-ю, ҳеч ким кўчанинг қоронғулигига эътибор бермайди. Маҳалламизда 10 та симёғочга чироқлар ўрнатилган. Шундан 2 таси ёқилади, қолганини ёнганини кўрган эмасман. Қоронғуда ўқишдан қайтадиган фарзандларимдан хавотир оламан. Кўпинча бекатга чиқиб пойлаб тураман”, – куюниб гапиради яна бир такси ҳайдовчиси. 


Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Тошкентнинг қоронғу кўчалари жиноятчилар учун жуда қулай. Жиноятчилар қоронғуда камерага тушиб қолишдан ёки жабрланувчи уларнинг юзини таниб олишидан хавфсирамайди. Кўчалар ёруғ бўлса, жиноят ҳам камайган бўларди.


Тошкент шаҳри кўчаларининг яхши ёритилмагани бу ЙТҲлар содир бўлишининг ягона омили эмас, албатта. Рақамлар 10-15 фоиз ЙТҲ қоронғулик туфайли юз беришига гувоҳлик қилмоқда. Бироқ, шаҳар чироқларининг тунда ёрқин нур сочиб турмаслиги аҳоли ва сайёҳлар учун ҳам ноқулайлик туғдиради. Хира тортган чироқли кўчалар билан туризмни ривожлантиришга ҳаракат қилаяпмизми? Чироқларни иқтисод қилмай, Тошкентнинг тунги тароватини шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига тўлалигича намоён қилсак яхши эмасми... 


“Тошшаҳарнур”нинг баҳоналари

Одатда жиноят содир этилишига қулай шароит яратиб берганларни ҳам жиноятга шерик деб ҳисоблаш хато бўлмайди. Бизни маъзур тутсинлар, бу ўринда “Тошшаҳарнур” ва шаҳарнинг тўлиқ ёритимаслигига беписанд бўлган ҳокимият вакилларини тунги жиноятларга шерик, деб ҳисоблаймиз. “Тошшаҳарнур” ходими билан мазкур масала ҳақида бир ой аввал гаплашгандик бироқ, кўчаларда ўзгариш сезилгани йўқ. 


Пойтахт кўчалари чироқларига масъул бўлган “Тошшаҳарнур” ходимининг айтишича Тошкент катта ҳалқа йўли мазкур ташкилотга қарамайди. “Нурафшон” кўчасида эса авария содир бўлган ва бу тез орада бартараф этилади. Умуман, яхши ёритилмаган кўчаларга келсак, улар бу камчиликни тан оладилар. Бироқ, яхшилашга шошилаётганлари йўқ. “Тошшаҳарнур”дан “Симёғочлардаги чироқлар янги турларига алмаштириляпти, бажариляпти, тез орада яхшиланади” каби одатий жавобни олдик. Ташкилот ваъда бериб тураверсин. Бажаряпмиз, амалга ошираяпмиз, деб юргунимизча зимистон кўчалар сабаб, кимдир бехосдан қотилга, яна кимдир қурбонга айланиб бормоқда. Жиноятчилар эса назаримизда яратилган шароитдан мамнун. 


Манба: Uza.uz