Создать публикацию

Uzbekistan

Давлат корхоналари соф фойдасининг 10 фоизини инновацион фаолиятни молиялаштиришга сарфлайди

 

Ўзбекистон ҳукумати қарори билан хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналаридаги инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги каналида маълум қилинди.

Мазкур низомга асосан хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналари жамғарма учун соф фойдасидан 10 фоиз миқдорида маблағ ажратади. Маблағлар хизмат кўрсатувчи тижорат банкларидан бирида очиладиган махсус ҳисоб рақамида жамланади.

Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларда сарфланади:

Янги техника ва технологияларни ишлаб чиқиш, зарур тажриба-саноат синовларини ўтказиш;

Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан илмий-тадқиқот ишларини бажариш бўйича тузилган шартномаларни молиялаштириш;

Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг моддий-техник ва илмий-лаборатория базасини мустаҳкамлаш, илмий-техник ходимларни моддий рағбатлантириш ва малакасини оширишда молиявий қўллаб-қувватлаш.

Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари қайтариб олинмайди ва келгусида фойдаланиш учун хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналарининг махсус ҳисоб рақамида сақланади.