Создать публикацию

Uz

Таниш-билишлар иши банкда тез битадими?»

 

«Таниш-билишлар иши банкда тез битадими?»
«Таниш-билишлар иши банкда тез битадими?»


Бугун бошқа соҳалар каби банк тизимида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва бу, албатта, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун хизмат қилади. Аммо банкка иши тушган одам борки, бу борадаги имкониятларни эмас, ўз қизиқишларию саволларига жавоб олишни истайди. Бугун муштарийларимизнинг ана шу саволларига жавоб олиш мақсадида «Трастбанк» хусусий акциядорлик банкининг «Дархон» филиали бошқарувчиси Жонибек Маратович Ергешев билан сухбатлашдик


— Ҳурматли Жонибек Маратович, сиз раҳбарлик қилаётган молия-кредит муассасаси аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қандай ишларни амалга оширмоқда?

— Ҳақиқатан ҳам, бугун қай бир жабҳада бўлмасин, қўлга киритилаётган муваффақиятларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсат, халқимизнинг фидокорона меҳнати, бунёдкорлик, яратувчанлик йўлидаги ғайрат-шижоати мевасидир. Бугун «Трастбанк» хусусий акциядорлик банкининг «Дархон» филиали аҳолининг, айниқса, ишбилармонларнинг яқин ҳамкори ва кўмакчисига айланиб улгурди. Банк маблағлари, замонавий хизматлари орқали ўз омонатларини кўпайтираётган ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, бозорларимиз тўкинлигига, ҳудудларимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган изланувчан, ташаббускор ҳамюртларимизнинг муваффақиятлари бунинг яққол далилидир.


2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 мартдаги «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, банк хизматлари турлари кенгайтирилмоқда. Банк томонидан хизмат кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий қилиниб, аҳолига янада қулай шароит яратиш мақсадида «Reception» хизмати, банкнинг расмий веб сайти саҳифасида «Мижозлар молиявий саводхонлигини ошириш» рукни ташкил этилди, ҳозирда ушбу рукнда банк соҳаси бўйича аҳолини қизиқтирган барча саволларга тўлиқ маълумотлар жойлаштирилмоқда.


Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб хорижий валютанинг олди-сотди операцияларини амалга ошириш, тўлов карталаридан пул маблағларининг хорижий ва миллий валютадаги муддатли омонатларга ўтказилишини таъминловчи жисмоний шахсларнинг ҳисобварақларини масофадан туриб бошқариш тизимлари йўлга қўйилмоқда.


Шунингдек, аҳолига янада қулайлик яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча кредит турлари жорий этилди.


Эътиборлиси, «Трастбанк» кредит қўйилмалари эвазига нафақат янги корхоналар ишга туширилиши, балки Ўзбекистон иқтисодиёти учун мутлақо янги бўлган саноат тармоқларининг ривожланишига асос солиниши кўзда тутилган.


— Ҳозир бир неча турдаги кредитлар жорий этилгани ҳақида гапириб ўтдингиз. Банк мижозлари ичида қайси кредит турига талаб юқори?

— Бугун иқтисодиётимиз жадал суръатларда ривожланаётганлигини инобатга олган ҳолда, тадбиркорлар томонидан фаолиятини кенгайтириш ва бозорда ўз рақобатбардошлигини сақлаб туриш мақсадида экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун асбоб-ускуна ва технологиялар сотиб олиш ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун мазкур турдаги кредитларга бўлган талаб юқоридир. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан янги техника ва технологиялар сотиб олиш мақсадида кредит олишга бўлган мурожаатлар ҳам кўп эканини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бундан ташқари, жисмоний шахсларга ажратиладиган истеъмол кредитлари ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларини сотиб олиш мақсадидаги кредитларга ҳам эҳтиёжлар ортган.


— Шу ўринда автокредит ва истеъмол кредити ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтишингизни истардик…

— «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки томонидан қулай фоиз ставкалари асосида жисмоний шахсларга кредит ҳисобига автотранспорт воситаларини харид қилиш йўлга қўйилган бўлиб, автокредит бирламчи автомобиль бозоридан (ишлаб чиқарувчининг расмий дилери — автосалон) Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган енгил автомобилни сотиб олиш учун 3 (уч) йилгача бўлган муддатга бериладиган кредит ҳисобига харид қилинади.


Истеъмол кредитларига тўхталадиган бўлсам, «Трастбанк» томонидан жисмоний шахслар эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган, узоқ муддат давомида ишлатиладиган товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун ажратилиши йўлга қўйилган. Ҳозирда аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки томонидан уй жиҳозлари, маиший техникалар ва буюмлар, қурилиш материаллари харид қилишга, соғлиқни тиклаш хизматлари ва республикамиздаги соғломлаштириш масканларига йўлланмаларни сотиб олишга, тўй ва бошқа маросимларни ўтказишга, автомобилларни таъмирлаш ва мототехника воситалари харид қилишга, махсус ўқув курсларида ўқишга, шунингдек, юқорида таъкидланганидек, автокредитлар ажратиш йўлга қўйилган.


— Ушбу кредитларни олиш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиш лозим?

— Истеъмол кредитини олиш учун мижоз томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  1. паспортнинг нусхаси;
  2. фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан қарз олувчининг яшаш жойи тўғрисида берилган маълумотнома (барча оила аъзолари кўрсатилган ҳолда);
  3. иш жойидан сўнгги 12 (ўн икки) ой давомида олинган иш ҳақи ва даромадини тасдиқлайдиган маълумотнома;
  4. меҳнат дафтарчасининг иш берувчи томонидан тасдиқланган нусхаси (хусусий тадбиркорлар учун — гувоҳнома нусхаси);
  5. солиқ тўловчининг идентификация рақами гувоҳномаси нусхаси;
  6. сотиб олинаётган товар ёки кўрсатилаётган хизмат учун олди-сотди шартномаси.


— Соғлиқни тиклаш учун ҳам кредитлар ажратиладими? Агар ажратилса, мазкур кредитлар тўғрисида қисқача маълумот берсангиз?

— Айни дамда банкимиз томонидан махсус тиббий коляскалар ва бошқа соғлиқни тиклаш анжомлари сотиб олиш, даволаниш ва соғлиқни тиклаш хизматлари, саёҳат ёки сиҳатгоҳларга йўлланмалар сотиб олиш (Ўзбекистон Республикаси ичида), спорт, фитнес анжомлари сотиб олиш мақсадларига кредитлар бериш йўлга қўйилган.


— Кредит олинди ҳам дейлик. Уни тўлаш жараёнида мижоз кечикса, яъни айни дамда молиявий шароити оғирроқ бўлса, банк мижозга қандай қулайликни таклиф этиши мумкин?

— Банкимиз томонидан мижозлар учун қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида кредит билан боғлиқ жарима, пеня ва ҳоказолар ҳажмини камайтириш мақсадида хизмат кўрсатиш тарифлари қайта кўриб чиқилди.


— Мижоз банк иш вақти тугашига 5 дақиқа қолганда келди. Бу вақтда бирор-бир операцияни амалга оширишнинг иложи йўқ. Аммо мижоз қатъий талаб қиляпти. Қандай йўл тутасизлар?

— Бугун «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки тизимида мижозлар учун банк хизматларининг тўлиқ мажмуини масофадан туриб кўрсатилишига эришиш ва қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «Персонал менежер» мутахассислари фаолияти йўлга қўйилган. Банкимиз мижозлари мазкур хизматдан кенг ва унумли фойдаланиб келмоқда.


Мижозларимизнинг аксарияти ҳозирда масофадан туриб, компьютер ва электрон алоқа тизими орқали банк амалиётларини эмин-эркин амалга оширмоқда. Шу сабабли, «Трастбанк» тизимида бу каби ҳолатлар амалиётда учрамаган, банкимизнинг ҳар бир ходими «Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун» тамойилига амал қилган ҳолда хизмат қилади.


— Бугун банк ходимининг қўпол муомаласига ёки эътиборсизлигига дуч келаётган юртдошларимиз ҳам бор. Яъни банк ходими ўзини бироз осмонда тасаввур қилади…

— Ҳар бир шахс маънавиятининг узвий бир бўлаги муомала маданияти бўлса, хулқ-атвор ва одоб-ахлоқ унинг замирига киради. Ходимларнинг кимлигини, маънавиятини атрофдаги инсонларга бўлган муносабатидан англаб олиш қийин эмас. Чунки муомала инсон хулқ-атворининг зийнатидир. Шу сабаб, «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки Касаба қўмитаси ва ходимлар билан ишлаш департаментлари томонидан муомала маданиятини юксалтириш борасида доимий равишда ходимлар ўртасида тушунтириш ишлари, тренинг ва семинарлар олиб борилади ҳамда бугунгача «Трастбанк» тизимида бу каби ҳолатлар кузатилмаган.


— Ўзим гувоҳи бўлганман. Таниш-билишлар иши банкда ҳам тез битирилади. Бошқа мижозга келганда тушлик вақти ёки шошилинч мажлис чиқиб қолади. Бундай вазиятда банк ходими устидан кимга мурожаат қилиш мумкин?

— «Трастбанк» бошқаруви томонидан мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш хизмати алоҳида назоратга олинган. «Персонал менежер»ларимиз ҳар бир мижозга бирдек хизмат кўрсатиб, тушлик вақтига яқин келган мижоз бўлса ҳам, аввало, мижозга хизмат кўрсатиб, кейин тушлик қилишлари йўлга қўйилган ва банкимизда ҳали бундай вазиятга дуч келмадик. Мабодо, шундай вазиятлар юзага келган тақдирда, Бош банк ва филиалларда «Ишонч телефонлари» мавжуд. Ҳар бир мижоз ўз ҳақ-ҳуқуқлари бўйича «Ишонч телефон» рақамларига мурожаат қилиши мумкин.


— Бошқа барча соҳалар сингари банк тизимининг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари ва машаққатлари, масъулияти ҳамда жавобгарлиги бор. Шундай эмасми?

— Дарҳақиқат, барча соҳаларда бўлгани каби банк тизимининг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари, машаққатлари, масъулияти ҳамда жавобгарлиги мавжуд.


Президентимиз раҳнамолигида банк тизимини тубдан ислоҳ этиш ва янада эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида банкларнинг капиталлашув даражаси юксалиб, инвестицион фаоллиги кенгайиб бораётир. Бу эса банк мутахассисларидан янада катта масъулият, кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар жараёнига дахлдорлик ҳиссини ўзида уйғотиши ва юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиши талаб этилмоқда.


— Нима деб ўйлайсиз, банк тизимида қандай ислоҳотларни амалга ошириш эвазига истеъмолчи, яъни аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш мумкин?

— Бугунда банк тизимига Ҳукуматимиз ва Марказий банк томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Истеъмолчилар ва аҳолига янада қулайликлар яратиш мақсадида банкнинг рационал даромадлилигини таъминлаган ҳолда тариф сиёсатлари оптималлаштирилмоқда ҳамда шу орқали банк хизматлари жозибадорлигини ошириш ва янги мижозларни жалб этишга, энг асосийси, мижозлар билан яқин ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, янги банк хизматларини жорий қилиш мақсадида ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда ва амалдагилари янада такомиллаштирилмоқда.


Банкимизда 2018 йил — «Чакана бизнесни ривожлантириш» йили деб номланди. Бу бежиз эмас, албатта. Ҳозирда банк томонидан жисмоний шахслар учун мўлжалланган «Мобил банк» дастурини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилган ва мазкур дастур ҳам қайта ислоҳ қилиниб, у орқали мижоз картасидан картасига пул ўтказиш, онлайн омонатларни қабул қилиш, омонат қолдиқларини бошқариш, кредит фоизларини сўндириш, мобиль алоқа ҳисобини тўлдириш, коммунал тўловларни амалга ошириш ва бошқа турдаги кўплаб тўловларни амалга ошириш имкониятлари яратилмоқда.


— Келгуси ишларингизга ривож тилаб, самимий суҳбат учун сизга миннатдорчилик билдириб қоламиз.

Саидмурод АБДИЕВ

суҳбатлашди