Создать публикацию

Uz

Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси қандай тикланади?


Фото: ЙҲХБ

Йўқолган ёки ўғирланган ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини олиш учун қанча пул тўлаш керак ва имтиҳон топшириш шартми? Бу ҳақда “Автострада” батафсил тушунтириш берди.

Йўқотилган ҳайдовчи гувоҳномасини тиклаш жараёни Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 31 декабрдаги 325-сонли «Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарори билан тартибга солинади.

Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликатини олиш учун ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларнинг ҳудудий рўйхатга олиш-имтиҳон бўлимига мурожаат этиш лозим.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш учун ҳужжатлар

Ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш учун РИБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш керак: 

• Ҳайдовчининг аризаси;

• Имтиҳон варақаси;

• Тиббий маълумотнома (083/х);

• Давлат божи тўлангани ҳақидаги квитанция;

• Имтиҳон варақаси йўқолганда: автомактабдан маълумотнома ёки ЙҲХБ РИБдан имтиҳонлар топширилгани ҳақидаги тасдиқлов.

Имтиҳон варақаси автомактабда таҳсил олиш якуни бўйича берилади ва ҳайдовчилик гувоҳнома эгасида сақлаб қолинади. Агарда имтиҳон карточкаси йўқотилса, автомактабдан таълим олиш якунлангани тўғрисидаги маълумотнома ёки ҳудудий ЙҲХБ РИБдан тасдиқлов талаб этилади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш қанча туради?

Шикастланган (ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа ҳолларда) ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини бериш учун энг кам иш ҳақининг 0,7 баробарини тўлаш лозим: 120 568 сўм;

Йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликати учун ЭКИҲнинг 1 баробари - 172 240 сўм.

Ҳайдовчига гувоҳнома тикланиши вақтида бир ойлик муддатга вақтинчалик гувоҳнома берилади.

Агар гувоҳномани тиклаш жараёни кечикса, вақтинчалик рухсатномани яна 30 кунга узайтириш мумкин.

Йўқотилган вақтинчалик гувоҳнома учун — белгиланган сумманинг 5 баробари миқдорида тўлов ундирилади.