Создать публикацию

Uz

Москвада қуролланган номаълум кимсалар муҳожирларни тунаб кетди


Фото: kabarlar.org

Москвада қуролланган ва ниқобларда бўлган номаълум кимсалар муҳожирлар ётоқхонасига кириб, у ердаги одамларни тунаб кетган. Бу ҳақда муҳожирлар манфаатларини билдирувчи ҳуқуқшунос Валентина Чупик маълум қилди.

Босқинчилик 26 апрелда меҳнат муҳожирлари учун мўлжалланган, Павелецкая соҳилбўйидаги “Памир-Альянс” ётоқхонасида юз берган.

“Улар таниқлик белгилари бўлмаган қора униформадаги кишилар эди. Барчаси ниқобда, барчаси қуролланган эди”, деб айтган Чупик.

Босқинчилар чўчиб кетган одамларни хоналаридан чиқариб, дўппослаб ва барчаларини бир нечта хоналарга қамаб қўйишган. Жабрланувчилар хоналарга шунчалик кўп қамалганки, улар тик туришларига тўғри келган.

Бир соатдан кейин воқеа жойига ОМОН ходимлари етиб келишган. Улар муҳожирларни озод қилишган. Одамлар хоналарига қайтганларида шахсий нарсалари ва пуллари йўқолганини аниқлашган. Тумбочкалар ва шкафлар эшиклари синдирилган, тўшаклар сочиб ташланган бўлган.

“Марказий осиёлик бир кишининг 77 минг рубли (1,2 минг доллар), бошқасининг 69 минг рубли (1,1 минг доллар) йўқолган. Қолганлар камроқ жабр кўришган – улардан 5 минг рублдан 22 минг рублгача (80-350 доллар) пуллар ўғирланган”, деб қўшимча қилган Чупик.

Таъкидланишича, полиция жиноятчиларни қидирмоқда.

“Памир-Альянс” тежамкор синфдаги меҳмонхона туридаги ётоқхона бўлиб, 6, 8, 10 ва 12 кишилик хоналарни таклиф қилади. Ётоқхона ўзининг арзон нархлари билан муҳожирларни жалб қилади. Бу ерда яшаш нархи хонасига қараб кунига 200 рублдан (3 доллар) бошланади.