Создать публикацию

Uz

Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистонга аслида 2,5 миллион эмас, 200 минг сайёҳ келган

 

Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистонга аслида 2,5 миллион эмас, 200 минг сайёҳ келган
Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистонга аслида 2,5 миллион эмас, 200 минг сайёҳ келган


Фото: «Газета.uz»

Ўтган йилларда Ўзбекистонга ҳар йили 2,5 миллион сайёҳ келган, деб ҳисобланар эди, чунки Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотининг методикасига кўра, мамлакатга келган ҳар қандай хорижлик сайёҳ саналади. Бу ҳақда Дарё хабар бермокда


Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан маълум қилинишича, бу усулда Қозоғистон, Грузия, Қирғизистон ёки Россия каби малакатларда сайёҳлар сони ҳисобланади.


Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, мазкур мамлакатлар миллионлаб сайёҳларни декларация қилади. Бироқ агар вазиятга реалроқ қаралса, бу оқимнинг 70—80 фоизи қўшни мамлакатлардан келган меҳмонлар бўлиб чиқади. Табиийки, улар меҳмонхоналарда тўхтамайди, сафарлар эса асосан бир кунлик бўлади.


Қўмита раисининг айтишича, меҳмонхонада тўхтаб, эсдаликлар учун пул сарфлайдиган ҳақиқий сайёҳлар анчагина кам. Ҳисоб-китобларга кўра, ўтган йили Ўзбекистонга ташриф буюрган ана шундай ҳақиқий сайёҳлар сони 200 минг киши бўлган.


Қўмита раҳбари томонидан қайд этилишича, статистика маълумотлари қайта кўриб чиқилган ва аниқ рақамлар асосида реал вазифалар белгилаб олинган. Шу тариқа туризмдан келадиган реал даромадни ҳисоблаш, инвестициялар, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа масалалар бўйича прогнозлар қилиш мумкин бўлади.


«Жорий йилда 350 минг сайёҳни жалб қилиш, 2020 йилга қадар бу кўрсаткични 500 мингга етказиш мақсад қилиб қўйилган», — деб таъкидлаган Азиз Абдуҳакимов.