Создать публикацию

Uz

Ўзбекистоннинг ички чегаралари қайта кўриб чиқилади


Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 23 апрель куни «Маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини аниқлаш, ер ресурсларини инвентаризация қилиш ҳамда яйловлар ва пичанзорларни геоботаник тадқиқотлар тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 299-сонли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Norma.

Ҳужжат ерларни бошқариш соҳасидаги иккита устувор муаммони ҳал қилишга қаратилган.

Биринчи муаммо. Мамлакат ичидаги айрим алоҳида ҳудудларнинг чегаралари координата тизимига боғланмаган. Бу эса ерларни рўйхатга олиш, рўйхатдан чиқариш, уларни олиб ташлаш, ер муносабатларини тартибга солиш каби муаммоларни юзага келтиради. Вилоятларнинг маъмурий чегараларини белгилаш бўйича ишлар тизимли йўлга қўйилмагани сабаб ички чегараларни белгилашда турли муаммолар мавжуд.

Шунинг учун, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2018—2021 йиллар мобайнида маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини белгилаш топширилган.

Иккинчи муаммо. Мавжуд 21 миллион гектар яйлов ва пичанзорлардан самарасиз фойдаланилмоқда. Ўтган 25—30 йил ичида ушбу ҳудудларнинг 35—40 фоизи деградацияга учраган, уларнинг бешдан бир қисмида ўсаётган ўсимликларнинг сони ва турларини қисқариб кетган, рентабеллик эса 1,5—2 баробар пасайган.

Шу муносабат билан ўша даврда (2018—2021 йиллар) яйловлар ва пичанзорларни геоботаник ўрганиш билан ер ресурсларини инвентаризация қилиш амалга оширилади.

Ҳужжат миллий қонунчилик базасида эълон қилинган ва 2018 йилнинг 1 майидан бошлаб кучга кирган.