Создать публикацию

Uz

АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси жойлашган бино 20 миллион долларга баҳоланди

 

АҚШ пойтахтининг марказий кўчаларидан — Массачусетс авенюсидаги Ўзбекистон элчихонаси жойлашган бино 1912 йилда «Титаник» кемасида Европадан ватанга қайтаётганда океанда чўкиб ҳалок бўлган зодагон Клэренс Мурга тегишли бўлган. Бу ҳақда «Америка овози»га асосланиб, ЎзА хабар берди.

Вашингтонда 200 га яқин элчихона бор. Ўзбекистон элчихонаси АҚШ пойтахтининг марказий кўчаларидан бири — Массачусетс авенюсида жойлашган. Бу ерни «элчихоналар қатори» дейишади, чунки кўплаб дипломатик ваколатхоналарга макон. Америкадаги ўзбеклар элчихона жойлашган тарихий бино билан фахрланишади.

1909 йилда қасрга ўхшаб қурилган бино эгаси Клэренс Мур, кўмир саноатида мол-дунё орттирган зодагонлардан бири бўлган. 1912 йилда у «Титаник» кемасида Европадан ватанга қайтаётганда океанда чўкиб ҳалок бўлган.

Оила 1927 йилда бу бинони Канада ҳукуматига сотган. 1993 йилда эса Ўзбекистон уни харид қилган.

Бугунги кунда бу иморат тахминан 15—20 миллион доллар орасида баҳоланади.

Элчихонанинг ички кўриниши XVI—XVIII асрга хос инглиз ва француз меъморчилигини акс эттиради. Ёғочдан ишланган нақшинкор деворлар, рангли ойналар, айлана зиналар, баҳайбат каминларни кўриш мумкин. Тадбирлар учун мўлжалланган залларда ўзбекона нафис санъат намуналари осилган.

Элчихона Ғарб ва Шарқ дурдоналарини кўз-кўз қилади.

Одатда элчихоналар кучли хавфсизлик чоралари остида фаолият юритади. Очиқ эшиклар кунида оддий америкаликлар ва ўзбеклар учун дипломатик ваколатхонани кўздан кечириш имконияти мавжуд деб ёзади sof нашри