Создать публикацию

Uz

Фарғона тумани халқ таълими бўлими ҳокимнинг оғзаки буйруғи билан апил-тапил кўчирилмоқда

 

Сайтимизга Фарғона вилояти, Фарғона тумани халқ таълими бўлимининг ўндан ортиқ ходими номидан шикоят хати етиб келди. Унда ёзилишича, туман ҳокими С. Имомалиев таълим ходимлари жойлашган бинони зудлик билан бўшатиб қўйиш бўйича кўрсатма берган.

Туман халқ таълими бўлими тасарруфида 61та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, уларда жами 3548 нафар педагог ва ишчи-ходимлар фаолият юритади. Буларнинг ойлик иш ҳақлари интернетнинг UZASBO дастурида ҳисоб-китоб қилинади. Ходимлар янги жойда интернет тармоғини қайта жиҳозлаш учун 8 млн сўм сарф бўлишини айтмоқда.

Қолаверса, кўчилиши айтилаётган янги жой туман марказидан узоқ бўлиб, электр энергияси соатлаб тез-тез узиб туриладиган ҳудуддадир. Бу интернет билан ишлашда муаммо туғдириши аниқ.

Биз фарғоналик таълим ходимлари билан боғландик ва юқори ташкилот томонидан бирор ёзма қарор ёки кўрсатма бор-йўқлигини суриштирдик. “Ҳеч қандай ёзма буйруқ йўқ. Бино прокуратуранинг инспекция бўлимига бўшатиб бериляпти”, деган жавоб бўлди. “Туман халқ таълими бўлими бошлиғи-чи? Кўч, деса индамай кўчаверадими?” деб сўраганимизда “бошлиғимиз жуда юмшоқ характерли киши, эътироз билдирмадилар”, дейишди. Ҳақини танийдиган кишига ҳисоб берилади, юмшоқ феълли кишига эса оғзаки буйруқ. Қизиқ-а. Кўчиб келаётган инспекция бўлимида бармоқ билан санарли одам ишлар экан.

Кўчириш учун мўлжалланаётган “Ижтимоий-иқтисодиёт” касб-ҳунар коллежи биносида ҳозир туман мактабгача таълим муассасалари бўлими, Ёшлар иттифоқининг бир неча тўгараклари, Жанубий Корея қўшма корхонасининг филиали иш юритади. Бундан ташқари коллежнинг юқори курс талабалари ҳам ўқийди. Таълим ходимлари борса, бинода янада турфа касб-ҳунар эгалари тўпланади.

Sof.uz сайтига келган хатга ўн нафар таълим ходими имзо чеккан. Аммо улар номлари ошкор этилишини истамади.

Хатга имзо қўйганлар, агар кўчиш тақозо қилинса, туман марказидан Компьютер технология коллежининг биноси ёки электр узилмайдиган, шароити бор бошқа жой ажратилишини исташади.

Юртимизда таълим ходимларининг мавқеи тобора ошириб борилмоқда. Уларнинг муаммолари ҳукумат даражасида кўриб чиқилмоқда. Фарғона тумани ҳокимлиги бу масалага изоҳ беришини кутиб қоламиз.

Manba Sof Nashri