Создать публикацию

Uz

Қандай китобларни ўқиш бўйича маслаҳатлар

 

Қандай китобларни ўқиш бўйича маслаҳатлар
Қандай китобларни ўқиш бўйича маслаҳатлар


Ўзбекистонда талабалик пайтларим салкам 3 йил мактаб ва коллежларда ўқитувчилик қилганман. Қайси синфга дарсга кирмай, мана шундай савол берардим:


- Орангизда 100 та китоб ўқиган борми? 50 та? 10 та? 5та? 3та? 1?


Афсуски, биринчи кўтарилган қўллар 5 тача бўлар, аксар ўқувчилар умуман китоб ўқимаган бўлиб чиқардилар. Мен иложи борича улардан китобсеварлар яратишга ҳаракат қилардим.


Ўша вақтлардан бери китобхон дўстларимга берадиган маслаҳатларимни қуйида рўйхат қилиб чиқдим.


Китобхон дўстларимга маслаҳатларим:


1. Китоблар дунёсига энди кириб келаётган бўлсангиз, кичикроқ ҳикоялар тўпламларидан бошланг.


2. Тажрибали кишилар билан маслаҳатлашиб, аввало енгил ва қизиқарли услубда ёзадиган муаллифлар асарларини танланг. «Ўткан кунлар» ёки «Меҳробдан чаён» каби асарлардан бошлаш сизни толиқтириб қўйиши ва оқибатда, китоблардан безиллаб қолишингиз мумкин.


3. Агар турганда ҳам, ўтирганда ҳам – ҳар қандай ҳолатда китоб ўқийверадиган «китобпарастлар» сафига кириб улгурмаган бўлсангиз, китоб ўқиш учун махсус вақт ва жой белгилаб олинг, китобхонлик одатга айлангач эса, бунга эҳтиёжингиз қолмаслиги мумкин.


4. Баъзида бошқаларга китоблар ўқиб беринг ёки бировлар сизга ўқиб беришларини сўранг.


5. Жуда банд бўлсангиз, аудиокитобларни тинглашни одат қилинг.


6. Дуч келган китобни ўқийверманг, танланг! Баъзи асарлар вақтингизни сарфлашингизга арзимайди.


7. Ур-йиқит ва мафиялар, ўғрилар ва фоҳишалар, уятсиз воқеаларни китобнинг асосий мавзусига айлантириб олган ёзувчилар, одатда, талантсиз ва меҳнат қилишни хоҳламайдиган, фақат китоб сотишу ёзувчи деган ном орттириш учун ҳаракат қилиб юрган кимсалардир. Ундай китоблардан қалбингиз ва онгингизни ҳимоя қилинг, вақтингизни ва пулингизни исроф қилманг.


8. Янги тиллар ўрганинг. Бир тилни ўрганиб битирмагунингизча бундай ўйламаслигингиз мумкин, бироқ, ишонингки, тил ўрганиш жуда ҳам осон. Тиллар калитларга ўхшайди, ҳар бир тил сиз учун янги оламлар эшикларини очади. Араб тилини ўргансангиз, Аллоҳнинг Китобини тушунадиган бўласиз, тафсирларни ўқиб, биргина оят замирида қанчадан-қанча ҳикматлар ётганини билгач, Қуръонни қалбингиз роҳат олиб ўқийдиган, тинглайдиган бўласиз. Араб тилида Ислом уламолари ва мутафаккирлари томонидан 1400 ичида деярли барча илмларга оид буюк китоблар ёзилган, уларни ўқиш имконини қўлга киритишингиз билан ҳаётингиз тубдан ўзгариб кетади! Инфлиз тилини ўрганинг, бутун дунёдаги деярли барча асарлар учун эшикни очасиз. Рус тилини ўрганинг, сиз рус маданияти билан ҳамнафас яшайсиз, ўрганиш осон бўлади. Натижада кўплаб ўзига хос, бошқа бирор миллат адабиётида топилмайдиган ажойиб китобларни ўқишга муяссар бўласиз. Бошқа қайси тилни ўрганишга қодир бўлсангиз, албатта, ўрганинг.


9. Кўп мақолалар ўқинг, бадиий, ижтимоий, сиёсий, илмий ва бошқа йўналишлардаги таҳлилий мақолаларни кўп мутолаа қилинг.


10. Китоблар ҳақида хулосаларингиз, фикрларингизни ёзиб қўйишни одат қилинг. Устозимиз Омонулла Мадаев айтардиларки, қариганингизга ўша ёзганларингизнинг ҳар бир сатри сиз учун олтиндек қадрли бўлиб қолади.


11. Ўнлаб халқаро ва миллий (ҳамда бирор тилга оид) бадиий асарлар мукофотлари бор (List of literary awards деб қидирсангиз, топасиз), ҳар йили шу мукофотларни қўлга киритган китоблардан танлаб ҳеч бўлмаса 2-3 тасини ўқиб юринг.


12. Шеъриятдан узоқлашманг. Афсуски, замонамиз ёшларида шеър ўқиш ёки ёзиш бачканалик деб қараладиган бўлиб қолган. Бу, шубҳасиз, катта хатодир. Шеърият ўқувчининг фасоҳатини оширади, унга ўқиётган нарсасидан таъсирланишни ўргатади. Иложи борича мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий, Огаҳий каби буюк шоирлар шеърларидан кўпроқ ўқинг, уларнинг мавзулари оддийроқдек туюлса ҳам, сўз бойлигингиз ошиши учун кўп фойдали бўлади. Замонавий шеъриятдан эса, иложи борича, мавзусига қараб танланг. Шавкат Раҳмон каби сўз санъатини «ўлдим-куйдим»ларга исроф қилмаган буюк шоирларни кўпроқ ўқинг. Кўп шеър ёдланг.


13. Китобхонлар тўгараклари, мажлислари ва жамиятларига аъзо бўлинг, шундай йиғинлар ташкиллаштиринг. Атрофингизда китобсеварлар кўп бўлиши китобхонликка муҳаббатингиз ва рағбатингизни ошириши билан бирга, сизга ўзингиз билан ҳамдард, ҳамфикр дўстлар орттириш имконини беради.


14. Биз кинофильмлар асрида яшаяпмиз, сиз ўқимоқчи бўлган китоб кинолаштирилган бўлса, кинони кўришга шошманг, аввало, китобни ўқинг. Кинолар сизни китоб ўқишдан қайтариб қўйиши, қолаверса, сизнинг ўқиш жараёнидаги тасаввурингизни чеклаб қўйиши мумкин.


15. Иложи борича асарларнинг таржималарини эмас, аслини ўқишга ҳаракат қилинг. Агар тил билмасангиз, зарари йўқ, бироқ бир неча таржималар бўлса, ўзи ёзувчи ёки шоир бўлган таржимонларнинг таржималарини танланг. Агар китоб ёзилган тилни тушунсангизу, бироқ таржима қилинган тилда ўқиш қулайроқ бўлса, таржимадан бир парча ўқиб, кейин аслидан ўша парчани ўқинг, агар бу услуб сизни уринтириб қўймаса, китобни шу йўсинда ўқиб чиқинг. Бу услуб тилни жуда тез ўрганишингизга ҳам ёрдам беради.


16. Ўзингизни E-reader (электрон китоблар сақлаш ва ўқиш жиҳозлари)дан фойдаланишга ўргатинг. Сабаби, минглаб ажойиб китоблар борки, сиз уларни сотиб ололмаслигингиз мумкин, iPad каби таблетлар, телефонлар кўзингизни толиқтиради, Kindle ёки Kobo каби e-reader’лар эса ўқишни анча осонлаштиради (мен буларнинг фарқи нимада экани, e-reader’лар бошқа таблетлардан фарқли равишда кўзни толиқтирмаслигининг сабабларини техник деталлари билан билмайман, бироқ иккаласидан ҳам фойдаланувчи шахс сифатида ўз тажрибамдан айтяпман).


17. Шайхий кутубхонангизни яратинг. Иложи борича, ўқийдиган китобларингизни сотиб олишга ҳаракат қилинг.


18. Кутубхоналарга аъзо бўлинг.


19. Китоблардан яхшиликларни олиш ва ёмонликларни улоқтиришни ўрганинг. Ҳар қандай асарни ўқишда ички филтерингиз, виждонингиз ва ақлингиз тарозиси билан таҳлилий ёндашадиган бўлинг.


20. Китоб ўқиш, айниқса, бадиий китоблар мутолааси асосий эмас, иккиламчи иш эканини унутманг. Билингки, ибодатлари, ўқиши ёки иши қолиб, бадиий китоб ўқиб ўтирувчи билан, ишламай, кино кўриб ўтирувчи ўртасидаги фарқ унча ҳам катта эмас, иккаласи ҳам дангасаликнинг умумий доирасидан чиқмайди. Китоб ўқиш сизни яхшироқ мусулмон, яхшироқ инсон, кучлироқ мутахассис қилсин, ҳаётингизга таъсири ижобий бўлсин, агар аксинча бўлаётганини сезсангиз, тўхтанг ва приоритетларингизни аниқлаб олинг.


Сиз яна қандай маслаҳатларни қўшган ва қайсиларини олиб ташлаган бўлардингиз? Фикрингиз билан ўртоқлашинг.

Маҳмуд УСМОН,

Мадина Ислом университети шариат факультети талабаси


Манба: Azon.uz