Создать публикацию

Uz

«Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи жаҳон сиёсати учун ҳам аҳамиятли» - Ричард Норланд


Фото: Халқаро пресс-клуб

Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, Штаблар раҳбарлари бирлашган қўмитаси раисининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Ричард Норланд билан суҳбатлашди.

- Жаноб Норланд, Сиз кўп йиллар мобайнида Ўзбекистонда истиқомат қилгансиз. Ўзбекистон ҳақида Сизда қандай таасуротлар қолган?

Мен турмуш ўртоғим Мери билан бир неча йил давомида Ўзбекистонда истиқомат қилганман. У ерда мен 2007 дан 2010 йилгача ишлаганман. Ўша даврнинг ёрқин таассуротлари ҳали ҳамон хотирамда сақланиб қолган. Мен Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва маданий бойлигини ҳурмат қиламан. Бу замин Марказий Осиёнинг Евроосиё қитъасига эволюция қилишида ҳал қилувчи роль ўйнаган. Ўзбек халқининг меҳмондўстлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни хоҳлар эдим.

- Бугун биз мамлакатимиз ривожланишида янги босқич ҳақида гапирмоқдамиз. АҚШнинг экспертлар ва таҳлилчилар ҳамжамияти Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга қандай баҳо бермоқда?

- Давлат департаментидаги менинг ҳамкасабаларимда Ўзбекистонда амалга оширилаётган жараёнлар катта қизиқиш уйғотган. Ўзбекистон катта салоҳиятга эга, биринчи навбатда Марказий Осиёдаги иқтисодий жараёнларни ҳаракатга келтирувчи куч, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришдаги муҳим омил ва Европани ушбу минтақа билан боғловчи транспорт коридор сифатида катта аҳамиятга эга.

- АҚШ Президенти Д.Трампнинг таклифига биноан Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг расмий ташрифи икки томонлама муносабатларимизда муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда. Бу ташриф ҳақида фикрингиз. 

- Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ушбу ташрифи дарҳақиқат тарихий маънога эга. Биринчи навбатда айтиш мумкинки, бу ташриф АҚШ тарафининг ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Юқорида айтилган салоҳиятни ҳамда икки давлат ўртасидаги иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик уфқларини янада чуқурроқ ўрганиш учун бу ташриф яхши имконият касб этади. Ўзбекистон Президентининг ташрифи жаҳон сиёсати учун ҳам аҳамиятлидир. Менинг фикримча, АҚШ Ўзбекистон Президентининг минтақавий масалалардаги қарашлари ва позицияларидан кўп нарса олиши мумкин. Мен Ўзбекистон билан стратегик алоқалардан манфаатдор бўлган Вашингтонда кўплаб расмий шахсларни танийман.

- Сиз хавфсизлик ва барқарорлик масалаларига катта эътибор берасиз. Афғонистон бўйича Тошкент конференциясида Ўзбекистон тарафидан илгари сурилган ташаббуслар ҳақида фикрингиз.

- Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси минтақада катта муваффақиятга эга бўлди. У минтақада савдо ва иқтисодий ҳамкорликни тиклаш учун янги шароитлар яратиб беради. Бу конференция куч ва зўравонлик билан ўз сиёсий мақсадларига эришмоқчи бўлган кучлар учун кучли сигнал бўлди. Анжуман минтақавий давлатларни ягона музокара столи атрофида ўтказа олди. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевни ва мамлакат ташқи сиёсатини бундай ижобий натижа билан табрикламоқчиман.

- Бизнинг яқин инсонимиз сифатида ушбу тарихий ташриф арафасида Ўзбекистон халқига қандай тилакларингиз бор?

- Ўзбек халқига минтақада ўзининг кучли ролини бажаришни давом эттиришни ва ажойиб тарихий меросини янада танитишини тилаб қоламан. Ва мени турмуш ўртоғим Мери билан шу заминда яна бир бор кутиб олишларини хоҳлаб қолар эдим.

- Ўзбекистон ва ўзбек халқи Сизнинг хотирангизда қандай сақланиб қолди?

- Бир куни биз Бухорога поездда йўлга чиқдик. Бу буюк шаҳар асрлар давомида меҳмон ва сайёҳларни ҳайратлантириб келган. Бу жойда ёзда жуда иссиқ ва қишда совуқ бўлади. Энг унутилмас таассуротлар - бу албатта ўзбек халқининг меҳмондўстлиги билан боғлиқ, деб ўйлайман.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп Оқ уйда 16 май куни учрашув ўтказиши хабар берилганди деб ёзади Kun нашри