Создать публикацию

Uz

Биз Ўзбeкистонда эмасмиз(ми?)

 

Биз Ўзбeкистонда эмасмиз(ми?)
Биз Ўзбeкистонда эмасмиз(ми?)


Эрталаб уйдан чиқишингиз билан "на себя", "от себя", "мы открылись" деган ёзувларга кўзингиз тушганми? Албатта! "Фархадский", "Алайский", "Сергели" деган сўзлар қулоққа эшитилганми? Унга ҳам жавоб "албатта"!


Мен рус тилини ёмон кўрмайман, душман эмасман, лекин, биз қаердамиз? Бу диёрнинг асосий миллати, давлат тили қайси?


Бунга “Узрепорт”дан қуйидагича жавоб топдим:

"Ҳар йили 21 октябр юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. 1989 йил 21 октябр куни “Давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Она тили – миллатнинг руҳи ҳисобланади" (Узрепорт.уз, 21.10.2013). Унда айтингчи, бизнинг "руҳимиз" қани?


Москвада қирғиз миллатига мансуб бир киши менга айтгандики, "биз тилимизни шунчалик авайлаб, асраймизки, уни уринтириб қўймаслик учун ҳатто у тилда гапирмаймиз"...


Бу аччиқ қилиб айтилган гап замирида нелар борлигини сезяпсизми? Уни энди қайта тиклаб бўлармикин?


Биз ҳам "ўша мартаба"га қараб кетмаяпмизми?


Нега биз ўзимизнинг тилимиздан, элимиздан, дилимиздан кечамиз, уяламиз? Биз киммиз? Рус тилида сўзлашадиган замонавий ўзбекмизми? Ёки русча гапириш, гапларимиз орасига тиқиштириш замонавийлик белгисими?


Замонасида нега Алишер Навоий ҳазратлари деярли уни ўчиб бораётган туркий тилида бонг урганларини биласизми? Агар у киши шижоат қилмаганларида бугун биз бу тилда бийрон-бийрон сўзлаётган бўлармидик? Бугун биз ҳам эътиборсиз бўлсак, эртамиз, келажагимиз нима бўлишини тасаввур қиласизми? Охирги пайтлар борган сари ҳар бир ишимиз, ҳушимиз, эълонимиз, яхшимиз, ёмонимиз фақат рус тилида жим-жимадор қилиб безатилмаяптими? Эътибор берганмисиз, кўча-кўйларда, деворларда, дарахтларда ёпиштириб қўйилган кичик-кичик қоғозлару, катта-катта матоларда онда-сонда учраб турадиган ёзувларнинг айримларигина ўзбекча бўлмаса, қолганларининг аксарлари русча эмасми? Хўп, Тошкент шаҳрида русийзабонлар учраб туради дейлик, водийлар, воҳалардачи? Хўп, яна айтайлик, русийзабонлар борлиги учун русча ёзяпмиз десак, нега Бухорода, Самарқандда тожикча, Хоразмда туркманча, Наманган четларида қирғизчаю, Андижоннинг айрим ерларида уйғурча ёзмаймиз? Тошкентдачи? Қозоқлар йўқми? Албатта бор! Уйимизни сотиш, мошинамизни савдога қўйиш, дўконимиз, устахонамизни очиш учун "мы открылись" деб ёзиш шартмикин? Россияга борганмисиз? Ўзбеклар ғуж-ғуж қайнаган, ҳаридорлари, ошпазлари, ҳатто мижозлари деярли 100 фоиз ўзбеклар бўлган ошхонада бирор дона ўзбекча ёзув кўрганмисиз? Бўлса бордир, лекин мен кўрмаганман. Ҳатто Ўзбекистондан кўчиб кетган руслар ҳам ўзбекча гапирмайди. Ўзбекистондаги ўзбеклар русча гапирганда улар нега ҳам гапирсин, тўғри эмасми?


Миллатимиз, давлатимиз тилида ёзиш, сўзлаш хунукми, ё ундан уяласизми? Мен уялмайман. Фахрланаман ҳатто! Ана энди сиз айтингчи, муҳтарам уялганлар, ор қилганлар ва яна мутасаддилар,


Биз қаердамиз, Ўзбeкистонда эмасми???

Салим АЙЮБИЙ


Манба: Azon.uz