Создать публикацию

Uz

Озодбек Назарбеков билан суҳбат: тўй-ҳашам, кимўзарга тўй қилиш, бой ва камбағаллар ҳақида

 

Озодбек Назарбеков билан суҳбат: тўй-ҳашам, кимўзарга тўй қилиш, бой ва камбағаллар ҳақида
Озодбек Назарбеков билан суҳбат: тўй-ҳашам, кимўзарга тўй қилиш, бой ва камбағаллар ҳақида


Фото: «Ozodbek.uz»


Кутилган иш бўлмади. Тўйлардаги сарф-харажатларни, уларда қатнашадиган одам сонини чеклаш ҳақидаги таклиф «ўтмади». Бу ҳақида қонун қабул қилинмайдиган бўлди. Бундан хурсанд бўлганлар оз эмас. Кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлгани ҳам рост.


Шу мавзуда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков билан суҳбатлашдим.


− Ҳа, Сенатнинг ялпи йиғилишида ўзим иштирок этдим ва шундай бўлди, Сенат бу таклифни маъқулламади ва тегишли қонунни қабул қилмади, − деди Озодбек Назарбеков. – Бу аввало шу билан изоҳланадики, юртимиз кўп миллатли ва бундан ташқари, ҳар бир вилоятнинг тўй-тантаналари ўзига хос. Ҳатто бир вилоятнинг икки туманида ўтадиган тўй, маъракалар бир-биридан кескин фарқ қилади.


Биз тўйларни бир қолипга солиб қўядиган ўша қонунни қабул қилсак, халқимизнинг кўп минг йиллик анъаналарини, туманлар, қишлоқларда асрлар давомида шаклланган ўзига хосликларни ҳам чеклаб қўйган бўлар эдик. Ахир тилларда достон бўлган Қўнғирот элининг, Бойсун қишлоқлари аҳолисининг тўйлари хоразмликларнинг тўйидан, қорақалпоқ овулидаги тўйлар Ангрен шаҳрида яшовчи, кўпчилиги кон ишчилари бўлган одамларнинг тўйларидан, Самарқандча тўйлар билан Қўқоннинг тўйлари ер билан осмонча фарқ қилади-да.


Бойсунда одам ажратмасдан жарчи ҳаммани тўйга айтиши минг йиллик одатлигини ҳамма билади. Қорақалпоғистондаги бир овулда яшайдиган 500 кишининг ярмини тўйга айтмасликнинг иложи борми? Хуллас, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос удумларини сақлаб қолиш учун ҳам шу қарорга келинди. Бундан ташқари, «Бойлигинг суратингда акс этсин» деган ҳадис ҳам бор-да. Бор одам қисинмай, имкониятига яраша тўй қилаверсин. Бой одам яхши тўй-томоша қилиб берса, атрофидаги камхаржроқларни таклиф қилса, бунинг нимаси ёмон? Қайтанга уларнинг ҳам кўнгли яйрайди.


Ҳақиқатан ҳам Озодбек Назарбеков эслатган ҳадис бор. Бир саҳоба ҳеч уст-бошига қарамас, фақирона кийиниб юрар экан. Кўрганнинг юрагини эзадиган юриш-туришини кўрган Расулуллоҳ саллоллоҳи алайҳи васаллам уни ҳузурига чақириб, сўрабди:


− Эй фалончи, молинг, давлатинг борми?


− Бор, − дебди саҳоба. – Ановча молим, мановча қўйим, туяларим, боғим, дўконларим бор.


− Унда шу бойлигингнинг нуқси ўзингда ҳам акс этиб турсин, − дебди пайғамбаримиз алайҳиссалом. – Мол-давлати бор одамга ўхшаб кийингин.


− Чиройли, қимматбаҳо кийимлар кийишим кибр бўлиб қолмайдими? – сўрабди саҳоба.


− Чиройли кийиниш кибрга кирмайди, − дебди мураббийимиз алайҳиссалом. – Ниятингда кибр, риё бўлмаса бўлди.


Суҳбатимиз давом этди.


− Озодбек, унақада бойлар яна ҳаддидан ошиб кетмасмикан? Кимўзарга тўй қилишлар авжига чиқмасмикан?


− Энди бунга фақат тарғибот билан барҳам бериш мумкин. Бойни-ку қўяверинг, «Отдан қолма, эшагим» қабилида иш тутадиган, ўзи камбағал бўла туриб, бойлар билан баҳслашадиган одамларга кўпроқ тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Ана шундай кишиларга маҳалла оқсоқоллари, юрт оғалари бориб, «Ўзингнинг аҳволинг элга маълум, сен катта тўй қилма, ўғил уйлантириш ёки суннат тўй қилиш дегани тўйдан кейин синиб қолиш дегани эмас, тўйдан кейин ҳам яшашинг, ейишинг керак, шунинг учун сен кичикроқ тўй қил» деб маслаҳат беришлари керак.


Ака, шунақа инсонларнинг тўйига борганманки, ҳовлисининг дарвозаси тугул, салгина номаҳрамдан тўсиб турадиган девори йўқ. Уйларининг эшик, деразалари йўқ одамларнинг ҳам тўйларига борганман, ўзлари зўрға, қарз-ҳавола билан тўй қилишган, аммо бизнинг хизматимизга фалон пулни беришган...


Озодбекнинг бу гапларини тинглаб, бир воқеа эсимга тушди. Бир киши тўйига Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевни гаплашиб беришимизни илтимос қилди. Раҳматли ҳофиз укам Фурқат Мирзаев билан ҳалиги одамни олиб, Шерали Жўраевникига бордик. Шерали Жўраев у кишининг ҳамма гапини эшитиб бўлиб, секин мени четга имлади-да, «Шу одамнинг уй-жойини бир кўриб келинглар, кейин гаплашамиз», — деди.


Шерали Жўраев бир қарашда одамларнинг сийратини ҳам билиб оладиган кучли психолог эканига тан бердим.


Фурқат билан ўша одамнинг уйига борсак, бир уйки, уйга олиб борадиган йўл йўқ. Бир илонизи сўқмоқдан кириб бориларкан. Бир уйки, эшик ўрнига адёл илиб қўйилган. Дераза ўрнига шакарнинг халтаси михлаб қўйилган. Супада бир хотин кир ювиб ўтирибди, юзлари кирнинг рангидан баттар.


Фурқатнинг аччиғи чиқиб кетди. «Шу ҳолингизга фалон пулга Шер акани олиб келаман дегани уялмайсизми? Шу пулга аввал уйингизга эшик-дераза олсангиз бўлмайдими? Қолганига анови шўрлик аёлга овқат олиб берсангиз бўлмайдими, у ҳадемай қонсираб ўлиб қолади-ку? Э, кетдик, Каримберди ака, Шер ака бу одамнинг тўйига бораман деса ҳам ўзимиз қайтарамиз, садқайи одам кетсин бунақалар», — деди.


Энг қизиғи Шерали Жўраевнинг гапи бўлди: «Дарвозаси ҳам йўқ эканми? Деразаларига ойна ўрнига ёстиқ тиқиб қўйган эканми?». Фурқат қотиб қолди: «Қандай билдингиз, устоз? Ҳақиқатан аҳволи жуда хароб экан, дарвоза тугул, уйининг эшиги ҳам йўқ экан». «Мен уни бир кўргандан билдим. Хотини эмас, ўзи ҳам тўйиб овқат емайди ўша одам. Уларга «Тўйимга Шерали келди» деган от керак. Кейин шу от билан ўлиб кетишади», — деган эди Шерали Жўраев.


Озодбек Назарбековдан тўйларга санъаткорларнинг кўплашиб келиши ҳақида ҳам сўрадим.


− Ака, сиз ўзингиз тўйингизга битта санъаткорни айтсангиз, бошқаси келмайди-ку? Биз айтилмаган жойга бора олмаймиз, айтилмаган жойга бориш шарафсизлик. Аммо бу борада ҳам ишни тўй эгаларининг ўзи бузади. Бир кунлик тўй деб бир қанча санъаткорларни айтиб қўяди. Бу соҳада ҳам сиз, журналистлар, тарғибот ишларини кучайтирингизлар, элнинг онги ўсмаса, одамларнинг ўзи яхши-ёмонни, фойда-зарарни ажратиб ололмаса, ҳеч қандай қарор, қонун билан кимўзарга тўй қилишларни йўқ қилиб бўлмайди.


Суҳбатимиз сўнгида Озодбек Назарбеков халқимизга эзгу тилаклар билдирди:


− Халқимизнинг яхши кунлари кўп бўлсин, яхши кунларини эса ихчам, ҳолига яраша қилиб ўтказсин, биз эса ҳамиша элимизнинг хизматига шаймиз!

Каримберди Тўрамурод