Создать публикацию

Uz

Японияда 4 мингга яқин киши коммуникация воситаларидан узилиб қолди

Японияда 4 мингга яқин киши коммуникация воситаларидан узилиб қолди
Японияда 4 мингга яқин киши коммуникация воситаларидан узилиб қолди


Айни пайтга қадар сув тошқини қурбонлари сони 17 нафарни ташкил қилди. Шунингдек, 50 киши бедарак йўқолди. 2 кишининг аҳволи ўта оғир, дея баҳоланмоқда.

Япония ҳукуматининг маълумот беришича, мудофаа, полиция ва ёнғин хавфсизлиги хизматининг 48 минг нафар ходими жабрланувчиларини қутқариш ишларини олиб бормоқда. Мамлакат бош вазири Синдзо Абе сел туфайли талафот кўрган ҳудудларнинг ўта қийин аҳволда қолганини маълум қилган.

6 июль, жума куни Япониянинг марказий ва жануби-ғарбий ҳудудларида сел кузатилган. Метеорология хизмати бошқармаси 7 та префектурада табиий офат туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилган. Ушбу префектураларда селлар бир неча ўн йилда бир юз беради.

Япония телекомпанияси томонидан вертолётдан тасвирга олинган кадрларга қараганда, Окаяма префектурасида вазият айниқса оғир. Бу ерда катта ҳудудларни эгаллаган турар-жойлар сув остида қолган. Айрим жойларда сув уйларнинг иккинчи қаватигача кўтарилган.

Тошқин ва вайронгарчиликлар тўғрисидаги хабарлар келишда давом этмоқда. Ўтган бир сутка ичида қай даражада талафотли воқеа юз бергани борасида ҳатто қутқарув хизматларида ҳам ҳозирча якуний тасаввур йўқ.

Манба: daryo.uz