Создать публикацию

Uz

Америкада 30 йилдан бери "Саудия шаҳзодаси" ниқоби остида яшаган фирибгарга чўчқа гўшти панд берди

 

Америкада 30 йилдан бери "Саудия шаҳзодаси" ниқоби остида яшаган фирибгарга чўчқа гўшти панд берди
Америкада 30 йилдан бери "Саудия шаҳзодаси" ниқоби остида яшаган фирибгарга чўчқа гўшти панд берди


Ҳа, ҳақиқатан 47 ёшли Энтони Жиньяк 1991 йилдан бери Саудия Арабистони шаҳзодаси ниқоби остида яшаб, кўз кўриб қулоқ эшитмаган фирибгарлик жиноятларига қўл урган. Бадавлат шахслар билан ўзи учун фойдали шартномалар тузиб, уларни чув тушираверган. Тўғри, уни бир неча бор қўлга олишган. Аммо ҳар гал Америка қонунларидан унумли фойдаланган ҳолда гаров пули эвазига озодликка чиқиб кетаверган.


«Бузоқнинг югургани сомонхонагача» деб бекорга айтишмаган-да! «Шаҳзода» Жиньяк охирги жиноятни содир этиш жараёнида қўлга тушиб қолди. У америкалик миллиардер Жеффри Саффер билан 400 миллион долларлик фойдали шартномага имзо чекиши лозим эди. Агар иши бу сафар ҳам ўнгидан келса, миллиардернинг 400 миллион доллар пули чўнтагига тушарди. Фирибгар бу ишни ҳам ҳар бир деталигача пухта ўйлаб олганди. Шартнома имзолаш учун у ярқираган «Ferrari« да келди. Дипломатик давлат рақамини эса интернет дўкондан харид қилганди. Саффер учрашув жойига ўтган йил августида ҳам келганди. Ўшанда Жиньяк унга Дубай банкларининг биридан 600 миллион доллар пул ечиб олингани ҳақидаги қалбаки ҳужжатни кўз-кўз қилганди.


Кейинроқ икковлари Аспен шаҳрида учрашишди. Мана шу ерда Жиньяк қовун туширди. Фирибгарга оддий чўчқа гўшти панд бериб қўйди. Қандай қилиб дейсизми? Америкаликлар ҳам аҳмоқ эмас-ку, ахир! Мусулмонлар, айниқса, араб давлатлари шаҳзодалари чўчқа гўшти ейиш тугул унга қайрилиб ҳам қарамаслигини жуда яхши билишади. «Шаҳзода» Жиньяк эса ўтирганданоқ, дид билан пиширилган чўчқа гўштига ўзини урди. Шу ҳаракати миллиардер Сафферда дарров шубҳа уйғотди. Лекин сездирмади. Ўзига тегишли хавфсизлик хизмати вакилларига Жиньяк ҳақидаги маълумотларни яхшилаб текширишни буюрди. Кўрибсизки, тез орада фирибгарнинг сири очилди. Уни 2017 йил ноябрида Америка аэропортларидан бирида қўлга олишди. Майамидаги квартираси тинтув қилинганда, кўплаб қалбаки банк ҳужжатлари, автомобилларнинг дипломатик давлат рақамлари, Саудия Арабистони шаҳзодаларидан бирининг номига расмийлаштирилган қалбаки ҳужжатлар топилди. 2018 йил май ойида фирибгар Жиньяк барча айбларини бўйнига олди. Ҳал қилувчи суд жараёни шу йил августида бўлиб ўтади.


47 ёшли Энтони Жиньяк Колумбияда туғилган. Болалигида ота-онаси оламдан ўтгач, америкалик эр-хотин уни асраб олган. 2008 йили фирибгарлик жинояти билан қамалган. У бир нечта компанияларнинг 10 минг доллардан зиёд пулини ўзлаштириб олганликда айбланди. Бироқ гаров пули эвазига озодликка чиқди.