Создать публикацию

Uz

Барча сўрамоқда, Ўзбекистон МТЖнинг янги мураббийи қани?


Барча сўрамоқда, Ўзбекистон МТЖнинг янги мураббийи қани?
Барча сўрамоқда, Ўзбекистон МТЖнинг янги мураббийи қани?


Интизорлик билан кутилган жаҳон чемпионати ҳам якунланди. Ниманидир узоқ кутсангиз, ўша нарса шунчалик тез ўтиб кетар экан. Мундиал ҳам шундай, ўтди-кетди.


ЖЧ-2018 пайтида ўзимизнинг миллий биринчилигимиз шунчалик зерикарли кўринар эканки, плей-офф танаффусида ўтказилган Суперлига учрашувларига эътибор ҳам қаратилмади. Аммо барибир кўпчилик футболимиздан “кўзини узмади”. Европа чемпионатига айланиб кетган ЖЧ-2018 беллашувлари ўтаётганда ҳам ўзимизнинг футболга қизиқмайдиган ишқибозлар ушбу мундиалдан кейинги воқеликни кутишди. Чунки мундиалдан сўнг миллий терма жамоамизнинг янги бош мураббийи эълон қилиниши керак эди.


Россиядаги ажойиб баҳслар тугаганига ҳам бир неча кун бўлди. Кўпчилик Карлуш Кейрушни бош жамоамизга устозлик қилинишини ишонч билан айтганди. Эрон терма жамоаси ЖЧ-2018даги юришини якунлаганига анча бўлган бўлсада, ҳали мураббий борасида қандайдир нидо чиқмади. Эронда ҳам, бизда ҳам.


Бир неча ой олдин Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи-вице президенти Умид Аҳмаджонов терма жамоамизнинг янги бош мураббийи ўз жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиққан бўлиши кераклигини ва у билан келишиб қўйилганини айтганди. Фақат ўша мураббийнинг терма жамоаси ЖЧ-2018даги иштироки боис мундиал тугагач барчага маълум қилишларини айтиб ўтганди. Аммо орадан вақт ўтиб, Умид Аҳмаджонов келишиб қўйилган иш бўлса ҳам яна Дубайга мураббий билан музокара ўтказиш учун йўл олгани борасида миллий олимпия қўмитаси расмий сайтида хабар чиққанди. Аммо мана жаҳон чемпионати тугади ҳамки, ҳанузгача мураббийдан дарак йўқ. Қандайдир тушунмовчиликлар юзага келса, дарров баёнот берадиган ЎФА жим-жит.


Балки бу бўрон олдидан сокинликдир. Чунки Умид Аҳмаджонов миллий терма жамоа борасида шу пайтга қадар берган ваъдаларининг устидан чиққан. Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилар, ЖЧ иштирокчилари билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Шундай экан биз яна бироз кутишимизга тўғри келар. ЎФА биринчи вице президенти мураббий билан шартноманинг сўнгги шартлари борасида музокаралар ўтказаётгандир. Яхши ният...


Нима бўлганда ҳам янги бош мураббийнинг номи шу кунларда эълон қилинишини ва мутахассис ишга тезроқ киришинини кутиб қолардик. Чунки жаҳон чемпионатида мураббийлар билан рўй берган вазиятлар кейинчалик жамоани қандай қийин аҳволга солиб қўйишини кўрдик.

Имронбек