Создать публикацию

Uz

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар олиб келадиган мол-мулкка 4 кунда сертификат расмийлаштирилади


Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги қарори билан Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар божхона ҳудудига олиб келадиган мол-мулк улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 2 йил давомида божхона божини тўлашдан озод қилинади, агар:

мазкур корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улуши камида 33 фоизни ташкил этса;

мол-мулк хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб келинса.

Имтиёзни қўллаш учун ушбу мол-мулкни эркин муомалага чиқариш режимида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш пайтида «Ўзбекэкспертиза» АЖ томонидан берилган махсус сертификатга эга бўлиш зарур.

Юқорида кўрсатилган сертификатни расмийлаштириш жараёни жадаллаштирилди ва соддалаштирилди.

Биринчидан, сертификат олиш учун аризани энди электрон тарзда (шаклига қаранг) тақдим этиш мумкин. Шуниси эътиборга лойиқки, аризага раҳбарнинг ёхуд ишлаб чиқариш учун масъул шахснинг имзоси ва ариза берувчининг муҳри билан тасдиқланган ҳужжатлар пакетини илова қилиш лозим. Бироқ ушбу ҳужжатларни электрон форматда ҳам тақдим этиш имконияти ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

Энди сертификатнинг ўзи ҳам экспертизадан ўтказилиб, «Ягона дарча» бирхиллаштирилган божхона ахборот тизимига киритилгандан кейин электрон шаклда расмийлаштирилади. Бироқ ариза берувчи ҳужжатнинг қоғоз шаклини талаб қилса, унга нусхаси қоғозга чиқариб берилади.

Ариза берувчининг олдин берилган сертификатга ўзгартириш (ш.ж. амал қилиш муддатини узайтириш) ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги асосланган мурожаати, шунингдек ўзгартириш ва қўшимчаларнинг ўзи ҳам электрон шаклда бўлади.

Иккинчидан, сертификат олиш учун берилган ариза 4 иш куни (илгари — 5 иш куни) мобайнида кўриб чиқилади, қўшимча маълумотлар олиш зарур бўлса, муддат 6 иш кунигача (илгари — 10 иш кунигача) узайтирилади.

Олдин берилган сертификатга ўзгартириш ва қўшимчаларни расмийлаштириш муддати 5 иш кунидан 4 иш кунигача қисқартирилди.