Создать публикацию

Uz

Бу йилги тест саволлари қандай тузилди?


Жорий йилги тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилди. Тест топшириқлари бўйича муҳим ўзгариш — ҳар бир блок саволларининг 30 тадан этиб белгиланганидир. Бу қарорга келиш учун Давлат тест маркази Буюк Британия, Россия, Қозоғистон каби давлатларнинг тажрибаларини ўрганди. 

Халқаро тажрибалардан фойдаланган ҳолда тест жараёнини такомиллаштириш, саволлар мазмунини соддалаштириш бўйича мутахассисларимиз давлат таълим стандартлари асосида иш олиб борди. Хусусан, янги тузилган тест вариантлари пойтахтимиздаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида апробациядан ўтказилди. Синов жараёнида 10 та фан бўйича 1 115 та тест топшириғидан фойдаланилди. Жараёнга 2 659 нафар битирувчи жалб қилинди. Бу ҳақда Давлат тест маркази бўлим бошлиғи М. Зокирова "Маърифат" газетасига маълум қилди.

Апробация натижаларини статистик таҳлил қилиш жараёнида топшириқларнинг мураккаблиги, баллар вариацияси (ўзгарувчанлиги, фарқланиши), саволларнинг бошқаси билан боғлиқлиги, тест топшириқларига қўйилган асосий талаблар аниқланди. Статистик таҳлиллар баъзи тестларда ишончлилик коэффициенти талаб даражасида эмаслиги, 79 та топшириқда айрим дистракторлар (муқобил жавоблар) ўз функциясини бажармаслиги маълум бўлди. 

ДТМ вакилининг сўзларига кўра, таҳлиллар асосида экспертлар ишончлилик коэффициенти бўйича 61 та тест саволида ўзгариш қилган. Саволларнинг айримлари бутунлай ўзгартирилди. Талабга жавоб бермаган 16 та тест саволи базадан олиб ташланди. Шунингдек, 113 та мураккаб савол соддалаштирилди. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қайта-қайта текширувдан ўтказилган саволлар аслида унчалик ҳам қийин эмас. Абитуриентларнинг бундай саволларга жавоб тополмаслигига сабаб баъзи мавзуларнинг мактабларда яхши ўқитилмаслиги билан боғлиқ.