Создать публикацию

Uz

1 августдан бошланадиган барча тест синовларини интернетдан онлайн кузатиш мумкин


Ўзбекистонда 1 августда старт оладиган олий таълим муассасаларига кириш учун қабул имтиҳонлари жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, имтиҳонларнинг очиқ ва ошкора ўтказилишида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги техник ҳамкорлик қилмоқда, деб ёзадиЎзА.

Вазирлик расмий сайтидаги маълумотга кўра, «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида «Ўзбектелеком» АК томонидан тест имтиҳонлари ўтказиладиган барча объектларга оптик толали алоқа тармоқлари тортилиб, барча тегишли бинолар юқори тезликдаги маълумотлар узатиш тизимларига уланди.

Имтиҳонлар бўлиб ўтадиган бино ва объектларни тўлиқ қамраб олиш мақсадида, 1 400 дона видеокузатув камераси ўрнатилди. Камераларнинг айланма ҳаракатини таъминлаш учун 29 та махсус пульт бошқаруви жорий қилинди. Шунингдек, маълумотларни сақлаш учун 1 800 террабайт ҳажмдаги махсус сервер ишга туширилди.

Имтиҳонга кириш жараёнида ҳар бир абитуриент шахси маълумотлар базасининг марказий серверига уланган, қиёфани аниқлайдиган махсус камера орқали текширувдан ўтказилади. Имтиҳонлар ўтказилаётган объектлар яқинидаги махсус кутиш ҳудудларида ота-оналар, абитуриентларнинг яқинлари учун йирик экранлар ўрнатилади. Уларда имтиҳон жараёнларини тўғридан-тўғри кузатиш мумкин бўлади.

Шу билан бирга, интернет тармоғининг www.test2018.uz манзилида ташкил қилинган махсус ресурс орқали барча объектлардаги имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиш мумкин бўлади.

Қабул имтиҳонлари жараёнида янада очиқ-ошкораликни таъминлаш мақсадида, UzDigital TV телеканаллар тармоғи орқали имтиҳонларни жонли эфирда кўриш учун техник имконият ҳам яратиб берилади.