Создать публикацию

Uz

Ўзбекистонга олиб кирилаётган маҳсулотларда 17 хил зарарли организмлар

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга олиб кирилаётган 70 минг тоннадан зиёд қишлоқ-хўжалиги маҳсулотларида 17 хил зарарли организмлар аниқланган.

Бу ҳақда жума куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низамходжаев ҳисобот берди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.

Хусусан, 2018 йил бошидан "Ўздавкарантин" инспекцияси мутахассислари томонидан экспортёр ҳудуднинг ўзида текширув ишларини олиб бориш йўлга қўйилган. Ана шу тажриба асосида, қуйидаги ҳолатлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган:

Италиядан 60 минг дона ёнғоқ кўчати «бактерияли рак» касаллиги аниқлангани учун қайтарилган;

Россиядан "фитофтороз2 билан касалланганлиги аниқлангани учун 1000 тонна уруғлик картошка қайтарилган;

Қозоғистондан "халқали чириш" ва "фитофтороз" билан касаллангани ҳамда "картошка куяси" борлиги аниқлангани учун 3500 тонна уруғлик ва озуқабоп картошка қайтарилган;

Покистондан "картошка куяси" борлиги аниқлангани учун 30 000 тонна уруғлик картошка қайтарилган;

Миср ва Эрондан олиб кирилаётган 60 тонна цитрус мевалар зарарсизлантирилган;

Қозоғистондан олиб келинган 132 тонна уруғлик картошка "халқали чириш" билан касаллангани ҳамда «картошка куяси» борлиги аниқлангани учун йўқ қилинди;

Покистондан олиб кирилаётган 24 тонна апельсин ва олма маҳсулотларидан "тут оқ қалқондори", "сариқ померанц қалқондори" ва "цитрус оқ қаноти" карантин организмлари аниқлангани учун қайтариб юборилган.

Туркиядан олиб келинаётган 90 тонна чигит маҳсулотидан "ғўза куяси" аниқлангани учун орқага қайтирилган. Ундан намуна учун олинган 80 кг чигит маҳсулоти ёқиб йўқ қилинди.

Грециядан олиб келинган 400 кг уруғлик чигитдан "ғўза куяси" аниқлангани учун ёқиш йўли билан йўқ қилинган.

Германиядан 300 тонна, Голландиядан 3500 тонна уруғлик картошка жойида бориб ўрганилганида фитосанитар носоғлом деб топилди.

"Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни давлат назорат органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш давомида қатор муаммолар аниқланди. Бу 20 йил аввал қабул қилинган қонун ҳужжати замон талабларига жавоб бермайди, деган хулосага келиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда", - деди Низамходжаев.

Сенат вакилининг сўзларига кўра, мазкур масала юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилиши зарурлиги қайд этилган.