Создать публикацию

Uz

Ўзбекистон мактабларида корпоратив бошқарув тизими жорий этилади


Ўзбекистон мактабларида корпоратив бошқарув тизими жорий этилади, деб маълум қилди жума куни Халқаро пресс-клуб сессиясида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон президенти томонидан улар олдига халқ таълими тизими бошқарувини тубдан ислоҳ қилиш вазифаси қўйилган.

"Бизнинг бошқарув тизимимиз шу вақтгача ўта марказлашган бўлган. Бугунги кунда биз тизимни марказлашишдан тўлиқ чиқариш ва ота-оналарни мактабни бошқаришга жалб қилиш бўйича ишларни олиб бормоқдамиз", - деди Шерматов.

Ўзбекистон Халқ таълими раҳбарининг сўзларига кўра, эндиликда Ўзбекистон мактабларида корпоратив бошқарув тизими жорий этилади.

"Ўзбекистоннинг ҳар бир мактабида ота-оналар қўмитаси вакилларидан иборат кузатув кенгаши ташкил этилади. Улар тўлалигича, мактаб фаолиятига жалб этилиши ва мактабдаги жараённи бошқариши лозим. Бу кенгаш аъзоларига ҳатто мактаб директорини сайлаш ҳуқуқини берамиз. Бундан буёғига мактаб раҳбарлари кузатув кенгаши олдида ҳисобот беради", - деб таъкидлади Шерматов.

Вазирнинг айтишича, ушбу кузатув кенгаши мактабнинг молиявий ҳолати тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Бюджетдан қанча маблағ ажратилгани, бу маблағлар қайси йўналишда сарф этилаётгани масалалари шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, кенгаш аъзолари мактабдан ташқари қандай йўналишлар очилиши лозимлигини ҳал этадилар, ошхоналар арендасига тарифлар ўрнатиш ҳуқуқига эга бўладилар ва мактабнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлайдилар.

"Бу ўзгаришларнинг барчаси таълим сифатини оширишга хизмат қилади, фарзандларимизнинг яхши таълим олишлари ва келажакда муваффақиятга эришишларига ёрдам беради", - деб таъкидлади Шерматов.