Создать публикацию

Uz

Швецияда минглаб болалар бедарак йўқолмоқда

Сўнгги тўрт йил ичида Швецияда деярли 4,5 минг нафар муҳожир болалар бедарак йўқолди. The Local’нинг ёзишича, бу улар томонидан бошпана сўраб қилинган мурожаатга рад жавоби келганидан сўнг содир бўлган.


Фото: The Local

Маълумотларга кўра, ҳукумат 4492 нафар бола ҳозирда қаерда эканлигини билмайди. Ушбу рақамлар ичида мамлакатга ўзи мустақил ва ота-онаси билан келган болалар бор. Швеция миграция агентлигининг маълумотлари бўйича 2018 йилнинг дастлабки икки ойида 223 нафар бола бедарак йўқолган. Ўтган йилнинг шу даврида эса ушбу кўрсаткич 152 тани ташкил этган.

Айни вақтда Швецияда бу каби ҳолатларни назарда тутувчи қонун йўқлиги сабаб бошпана сўраб йўқолган болалар ҳақида ҳеч нима маълум эмас. 2017 йилнинг охирида маҳаллий омбудсман болаларнинг йўқолишини бартараф этишга оид ҳисоботини тақдим этган. Хусусан, у йўқолганларни қидиришни таклиф қилган. Аммо бу таклифлигича қолиб кетган, амалга оширилмаган.