Создать публикацию

Uz

Facebook" нимага ишламай қолди?



“Facebook”нинг ишлашида Осиё ва бошқа қитъаларда муаммолар кузатилмоқда. Ўзбекистонда ўз аудиториясига эга маҳаллий ва хорижий сайтлар муаммони бартараф этиш учун "VPN"(инглизча Virtual Private Network — виртуал хусусий тармоқ)ни қандай ишлатишни ўргатмоқда. “Facebook”нинг Ўзбекистонда ишламай қолишида ҳукуматининг қўли борми? Хўш, “Facebook” атрофидаги бу хабарлар нимадан дарак беради?

“Facebook” ишлашидаги муаммо бутун дунёда кузатилмоқда. Айнан беш кун олдин “Facebook” ва “Twitter” раҳбарлари кўрсатма бериш учун АҚШ конгрессига келган. “Google” эса келишдан бош тортган. АҚШнинг нуфузли янгилик каналлари бу уч соатлик кўрсатма бериш жараёнини жонли эфирда намойиш этди.

Сенатор Ричард Бурр бошчилигида ўтказилган йиғилишдаги асосий масала ижтимоий тармоқларнинг, хусусан, "Facebook" ва "Twitter"нинг сиёсий доираларда таъсир кучи ошиб бораётганлиги бўлди. Россия томонидан молиялаштирилгани гумон қилинаётган ижтимоий тармоқ "фойдаланувчилари"нинг АҚШда 2016 йили ўтказилган президент сайлови натижасига таъсир ўтказгани бунинг асосий далили сифатида тақдим этилди.


Иккала ижтимоий тармоқ раҳбарияти ҳам буни рад этмай, ҳақиқатан "баъзи фойдаланувчилар" омма орасида асоссиз тарафкашликни пайдо қиладиган низолар ва дезинформация тарқатиш билан шуғулланганини тан олди. Кеч бўлса ҳам уларга қарши чоралар кўрилгани, яна қўшимча чоралар ҳам жорий қилиниши ҳақида маълумот берди.

Бу учрашувдан чиққан асосий хулоса шуки, АҚШ сенаторлари ижтимоий тармоқларнинг сиёсатга таъсирини чеклаш учун уларни "жиловлаш"ни хоҳлайди. Тармоқ раҳбарлари эса кучли назорат қилиш ижтимоий тармоқнинг принципларига тўғри келмаслигини таъкидламоқда. Аммо баъзи чораларни кўриш кераклигини тан олган.

АҚШ ҳукумати ва ижтимоий тармоқлар раҳбарияти “келишишга” ҳаракат қилаётгани “Facebook” энди одамларни дўстлаштирадиган ва ўз фикрини билдирадиган платформа эмас, балки сиёсатчиларни ўйлантирадиган даражада маълумот базасига эга техногигантга айланганини англатмайдими?

“Facebook” ҳақидаги янгилик ва хабарлар шу даражага етдики, унинг раҳбари Марк Цукербергнинг Рим императори Август Цезарга бўлган "илиқ" муносабатига сиёсий тус беришмоқда.

Марк Цукерберг жавобгарликни етарлича ҳис қилмадим ва катта хато қилдим деб кечирим сўраши, “Facebook” пропаганда мақсадларида ишлатилаётганини англатади.

“Pew Research Center” ўтказган сўров натижаларига кўра, ҳар тўрт америкаликдан биттаси “Facebook” саҳифасини ўчириб ташлаганини айтган. Бу фойдаланувчиларнинг 25 фоизи “Facebook”га бўлган ишончини йўқотган дегани.

“Statcounter” маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг 33 фоизи "Facebook" ишлатади.

Ўзбекистонда бир неча кундан буён "Facebook" ишлашида муаммолар кузатилмоқда. Нимага ишламаётгани ҳақида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан расмий баёнот берилмаган. Ушбу ҳолат юзасидан маълумот олиш учун Turon24 Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан боғланди. Вазирлик ходими бу борада маълумот беролмаслигини айтди.

Баъзи маҳаллий ва хорижий сайтлар муаммони бартараф этиш учун "VPN"ни ишлатишни атрофлича ўргатмоқда. Шундан кейин мобил "VPN"нинг оммавийлик даражаси кескин ўсган.

Мамлакатдаги кўплаб юзерлар тармоққа VPN орқали киришни бир қатор сайтлар фаоллик билан реклама қилиб келмоқда. VPN блокланган барча сайтларга кириш имконини беради.

Ҳозирги пайтда ушбу VPN дастурини юклаб олиш бўйича Ўзбекистон етакчи давлатлар қаторига кирмоқда. Агар шу кетиш бўлса, аксарият фойдаланувчилар барча сайтларга VPN орқали киришга одатланишади, уларнинг ичида террорчилик, экстремистик, радикал, порнографик ва шунга ўхшаш бошқа турдаги ахборотлардан бемалол фойдаланишлари ва обуна бўлишлари мумкин.

Downdetector.com маълумотларига кўра, 9 сентябрдан Facebook ижтимоий тармоғи бўйича барча муаммолар бартараф этилган, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам тармоқ ишлаши керак. Лекин Facebook’ка кириш ҳалигача имконсиз бўлиб турибди. Downdetector.com хабарига кўра, муаммолар маҳаллий характерга эга.