Создать публикацию

Uz

Тошкентда қанча ишсиз аҳоли борлиги маълум қилинди


Архив фото
Архив фото


Бугун Тошкент шаҳри аҳолиси 2,5 миллиондан зиёдни ташкил этиб, улардан 1,5 миллион киши меҳнатга лаёқатли. Шундан 1,1 миллион нафари иш билан банд, қарийб 99 минг киши ишсиз, 90 мингдан ортиғи эса меҳнат мигрантларидир. Шунингдек, деярли 39 минг киши жорий йилда меҳнат бозорига биринчи марта кириб келган ёшлар ҳисобланади.

Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Олий Мажлис Сенати Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳридаги барча туман Кенгашларининг қўшма мажлисларида пойтахт туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари, хусусан аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, бўш турган бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан масъул вазирлик ва идоралар ва секторлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Бу ҳақда журналистларга Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров Тошкент шаҳри туманлари маҳаллий Кенгашларининг қўшма мажлисларида муҳокама қилинган масалалар ва қабул қилинган қарорлар юзасидан ахборот берди.

Маълум бўлишича, ҳозирги пайтда Тошкент шаҳри бўйича фақатгина 91 минг киши Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан бир марталик ва вақтинчалик ишларга жалб қилинган. Бу борада мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, норасмий банд аҳоли сони 141 минг нафардан зиёдни ташкил этган.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги пойтахт туманларида ичимлик суви, иссиқлик таъминоти ва канализация хизматларини яхшилаш, тураржой мавзеларидаги дренаж-ирригация тизимларини таъмирлаш ва тиклаш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш борасидаги ишларнинг бориши ҳақида танқидий-таҳлилий ахборотлар тақдим этди. Хусусан, пойтахтимизнинг кўп қаватли уйларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш дастури доирасида қарийб 158 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган. Бироқ белгиланган вазифаларнинг ярмидан кўпи (51%) ўз вақтида ижро этилмаган. Айниқса, Яшнобод, Чилонзор, Сергели, Бектемир ва Шайхонтоҳур туманларида бу йўналишдаги ишлар пайсалга солинаётгани қайд этилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги мавжуд 1440 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатидан 304 таси молиявий аҳволи қониқарсизлиги сабабли имтиёзли кредитлар ололмаган. Уларнинг аксарияти Миробод, Шайхонтоҳур, Чилонзор, Сергели ва Юнусобод туманларида жойлашган.

Қўшма мажлисларда шу йўналишдаги ишларнинг бориши қониқарсиз деб топилиб, мавжуд муаммоларни тезда ҳал қилиш, жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини узоғи билан шу йилнинг 25 сентябрига қадар тўлиқ якунлаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини танқидий ўрганиш ва самарадорлигини ошириш чораларини кўриш бўйича масъул вазирлик ва идоралар ҳамда секторлар раҳбарларига аниқ вазифалар берилди.

Муҳокамалар жараёнида секторлар раҳбарлари ўз ҳудудида аниқланган ҳар бир муаммонинг тезкорлик билан ҳамда сифатли ҳал этилиши учун шахсан жавобгарлиги яна бир карра таъкидланди