Создать публикацию

Uz

Ғаллаорол туманида кўприк остига ташлаб кетилган бир кунлик чақалоқнинг жасади топилди

 

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 23 март куни янги туғилган чақалоқнинг жонсиз жасади топилди. Гувоҳларнинг билдиришича, чақалоқ жасади Кўкгумбаз қишлоғи кўприги остидан бошига қора салафан пакет кийдириб ўлдирилган холда топилган.

Ғаллаорол тумани Ички ишлар бўлими расмийининг берган маълумотига кўра чақалоқнинг ДНК анализи асосида унинг онаси қидирилмоқда.

Жиззах вилояти прокуратураси Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 99-моддаси - «Онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши» моддаси билан жиноят иши қўзғаган, деб ёзмоқда Озодлик радиоси.

Тергов доирасида милиция Жиззахнинг Ғаллаорол ва унга қўшни туманлардаги туғруқхоналарда ишлайдиган ва ишламайдиган дояларни сўроқ қилмоқда.

«Кўкгумбаз қишлоғи Жиззах-Самарқанд трассасига яқин бўлгани учун бошқа туман ёки вилоятдан ташлаб кетилган бўлиши мумкин», - деди мулозим.

Ҳозирча жиноят мотиви ва жиноятга доир бошқа тафсилотлар маълум эмас. Бу Ўзбекистонда бола туғилиши билан ўлдириб ташлаб кетилгани билан боғлиқ сўнгги бир ой ичидаги учинчи ҳолатдир.

Охирги вақтларда, Ўзбекистонда турмушга чиқмасидан ҳомиладор бўлган қизлар маҳаллада иснодга қолиш ёки болани отасиз катта қилиш харажатларидан қўрқиб, туққан болаларини ташлаб кетиши ҳолатлари кўп кузатилмоқда.