Создать публикацию

Uz

Ғофур Раҳимов Халқаро олимпия қўмитасининг истеъфога чиқиш талабини рад этди

 

Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчи Ғофур Раҳимов ташкилот раҳбари сифатида амалда қолиши бокснинг Олимпиада ўйинлари дастуридан чиқарилишига сабаб бўлиши тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди.

AIBA расмий сайтида 17 сентябрь куни Ғофур Раҳимов номидан эълон қилинган мурожаатда бу хабарлар Халқаро олимпия қўмитасининг босими сифатида шарҳланади. Ғофур Раҳимов AIBA аъзоларини бундай фитналарга эътибор бермасликка чақирди.

16 сентябрда Inside the games порталида Халқаро олимпия қўмитасининг этика ва талабларга риоя қилиш масалалари бўйича директори Пакеретт Жирар Запеллининг Ғофур Раҳимовга мурожаати эълон қилинган эди. Мурожаатда Запелли Ғофур Раҳимовни AIBA президенти лавозимидан истеъфо беришга ва ўз номзодини бир неча ойдан сўнг ўтадиган сайловда ташкилот президентлигига кўрсатмасликка чақирган.

Запеллининг ёзишича, Ғофур Раҳимов истеъфо бермаса, Токиода 2020 йилда ўтадиган Олимпиадада бокс ўйинлар дастуридан чиқарилиши мумкин.

Раҳимов AIBA расмий сайтида эълон қилинган мурожаатда:” AIBAнинг бўлажак сайловдаги принциплари ўта аниқдир: сайлов комиссияси талабларига тўғри келадиган расмий номзодлар рўйхати конгрессга бир ой қолганида-3 октябрда эълон қилинади. Мен AIBAнинг барча аъзоларини, ташкилотимизга мансуб бўлганларни қоидаларимизни ҳурмат қилишга ва белгиланган кунни кутиб туришга, раҳбар лавозимларга номзодлар кўрсатилишини шарҳламай туришга чақираман”, деб таъкидлади.

Ғофур Раҳимов ўз мурожаатида AIBA аъзолари “электрон мактублар, янгликлар ва спорт сайтларида тарқатилаётган турли миш-мишлар таъсирига тушиб қолмаслигига” умид билдирди.

Маъумот учун, AIBA президентлигига сайлов 3 ноябрь куни ташкилотнинг Москвада ўтадиган конгресси доирасида бўлиб ўтади.