Создать публикацию

Uz

Ўзбекистон Кубогининг ярим финал барча иштирокчилари маълум бўлди



Футбол бўйича Ўзбекистон кубогида “Қўқон-1912” ва “Пахтакор”дан кейин “Бунёдкор” ҳамда АГМК жамоалари ҳам ярим финалга йўлланма олди.

Кеча Ўзбекистон Кубоги чорак финалининг сўнгги икки ўйини ўтказилди. Бир кун аввал “Қўқон-1912” жамоаси ўз майдонида “Нефтчи”ни, “Пахтакор” эса “Локомотив” жамоасини енгиб, ярим финалга йўлланмани қўлга киритишганди, кеча эса аввалига “Бунёдкор” жамоаси сафарда “Андижон”ни енгган бўлса, АГМК ўз майдонида “Машъал”ни қийинчилик билан, қўшимча вақтлардагина мағлубиятга учратиб, ярим финал иштирокчилари қаторига қўшилди.

Андижондаги ўйин тақдири биринчи бўлимда ҳал бўлганди. Жамоа бош мураббийи, яқин ўтмишнинг юлдузи Миржалол Қосимовнинг фарзанди Миржамол 14-дақиқадаёқ ҳисобни очганди, кўп ўтмай Шаҳзод Нурматов ҳисобни иккита фарққа оширди. Майдон эгалари шунда ҳам “таслим бўлишни” исташмади ва охиригача курашишди. Оқибатда биринчи бўлим якунида Даврон Исоқов ҳисобни қисқартиришга эришди. Лекин иккинчи бўлимда бундан ортиғига мезбонларнинг кучи етмади, пойтахтликлар ҳам майдон эгаларини ортиқча “хафа қилишни” истамади. 

Иккинчи ўйин анча қизиқ бўлди. “Машъал” сафарда тўп суришига, бунинг устига қуйи лига вакили бўлишига қарамай АГМКни “таъзирини” бериб қўйишга бир бахя қолди. Ваҳоланки, ҳисобни биринчи бўлиб айнан муборакликлар очишганди, мезбонлар эса учрашувнинг сўнгги дақиқаларида аранг ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Бош ҳакам қўшиб берган вақтда “Машъал” Про-лига вакили эканлигини “исботлаб қўйди” – футболчиларда жисмонан чарчоқ аломатлари сезилди, техника ва тактика борасидаги шижоат ҳам анча сусайди. Натижада майдон эгалари “отга қамчи” босишди. Аввалига Владимир Бубунья, тўртинчи бўлимнинг қўшимча дақиқаларида эса Жасур Ҳасанов тўп киритиб, АГМКга ишончли ғалабани туҳфа этди.

Шу тариқа “Қўқон-1912” ва “Пахтакор”дан кейин “Бунёдкор” ҳамда АГМК жамоалари ҳам ярим финалга йўлланмани қўлга киритишди.

Ўзбекистон Кубоги. 1/4 финал. 

“АНДИЖОН” – “БУНЁДКОР” - 1:2

Голлар: Д.Исоқов (40) - М. Қосимов (14), Ш.Нурматов (26).

АГМК – “МАШЪАЛ” - 3:1

Голлар: К.Мурзоев (79), В.Бубанья (112), Ж.Ҳасанов (120+2) - Ҳ.Муртазоев (55).

Хабарингиз бор, Кубокнинг ярим финал ўйинлари 27-28 сентябрь кунларига белгиланган. Шу муносабат билан бугун “Спорт” телеканали орқали жонли эфирда намойиш этиладиган “Гол” кўрсатуви вақтида ярим финал ўйинларига қуръа ташланади. Кўрсатув соат 19:40 да бошланади.