Создать публикацию

Uz

Сурхондарёда қайси Пайғамбарнинг қабри бор?

Сурхондарё вилоятидаги тарихий-маданий ва археологик ёдгорликлар билан танишиш учун жорий йилнинг ўтган даврида 50 мингга яқин сайёҳ келган. ЎзА «Сурхондарёда қайси Пайғамбарнинг қабри бор?» номли мақола эълон қилди. Ушбу мақолани тўлиғича эътиборингизга ҳавола қиламиз.


Фото: ЎзА

Президентимиз жорий йил 19—20 январь кунлари вилоятга ташрифи чоғида воҳанинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиб, туризмни ривожлантириш, ҳудудга хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб этиш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Шунга асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги қарори билан вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2018—2019 йилларда вилоятнинг туризм инфратузилмаси ва намойиш объектларини ташкил этиш, мавжудларини таъмирлаш, реконструкция қилиш, меҳмон уйларини яратиш лойиҳалари рўйхати, 2018—2019 йилларда вилоятда ўтказиладиган маданий, кўнгилочар ва спорт тадбирлари тақвими тасдиқланди. Туристлар борадиган объектларнинг йўлларини таъмирлаш манзилли дастури белгилаб олинди. Бойсун, Сариосиё ва Шеробод кичик туризм зоналарини ташкил этиб, уларда замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туризм аҳамиятига эга бошқа объектларни қуриш белгиланди. Замонавий муҳандислик инфратузилма объектлари ташкил этиладиган бўлди.

Мутахассисларнинг фикрича, Сурхондарё – хорижий ва маҳаллий туризмни кенг йўлга қўйиш учун йирик салоҳиятга эга ҳудуд. Воҳада 374 маданий мерос ёдгорликлари ва табиий мерос объекти мавжуд. Зиёрат, буддизм, агро, саноат, экологик ва соғломлаштириш туризмини ривожлантириш учун қулай имконият бор. Ҳудуднинг маданий-маърифий ва кўнгилочар, гастрономик туризми маршрутларига ҳам дунё аҳлининг қизиқиши юқори. Шунга мос равишда воҳанинг ранг-баранг туризм йўналиши белгилаб олинган. Унга кўра, сайёҳлар Тешик тош, Мачай ғори, Эски Термиз, Қирққиз, Тавка қалъаси, Термизшоҳлар саройи, Искандар кўприги, Жарқўрғон минораси, Чингизтепа, Тиллабулоқ каби 25 тарихий-маданий ва археологик ёдгорликлар билан яқиндан танишмоқда. Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Исо Термизий мажмуаси, Сўфи Оллоёр, Хўжа Баркух, Мавлоно Муҳаммад Зоҳид мақбараси, Кокилдор хонақоси сингари 14 буюк зот мангу қўним топган ёки улар номига қадимда барпо этилган гўшаларни зиёрат қилаётир.

Айритом, Қоратепа, Зурмала, Далварзинтепа, Фаёзтепа, Будрачтепа, Холчаён ёдгорликларини томоша қилиб, қадимги буддавийлик хусусида етарли маълумот ва бой таассуротга эга бўлмоқда. Масалан, Термиз яқинидаги Амударё ўртасида Пайғамбар орол номи билан машҳур ҳудуд мавжуд. Биласизми, мў’жаз бу оролнинг машҳурлик сири нимада? Ислом динигача яшаб ўтган пайғамбарлардан бири – Зул-Кифл билан боғлиқлиги-да. Милоддан аввалги VI-VII асрларда яшаган тарихий бу шахснинг дунёда иккита мозори бор. Улардан бири Ироқнинг Кифл шаҳрида, иккинчиси ана шу оролда жойлашган. Манбаларда қайд этилишича, Зул-Кифл қабри XI аср, яъни Ғазнавийлар даврида Пайғамбар оролига кўчириб келиниб, мақбара ва масжид бунёд этилган.

Вилоятдаги ёдгорликлар ўзининг ўтмишдаги тарихи, қурилиш усуллари ва улкан салобати билан сайёҳларда катта қизиқиш уйғотаётган бўлса, улуғ аждодларимизнинг ҳоки мангу қўним топган обод, сокин гўшалар бу ерда яшаб ўтган буюк зотлар, азиз-авлиёлар ҳақига дуо қилиб, уларнинг ҳаёт йўлларини, эзгу фазилатларини яқиндан ўрганишга хизмат қилмоқда. Кекса авлод вакилларининг шукроналик, ёшларнинг ҳавас ва фахр ҳиссини юксалтирмоқда.

– Жорий йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 мингга яқин кўп сайёҳ келгани, Сурхондарё туризм маконига айланаётганига яққол далилдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Хўжақулов. – Эндиликда эко ва агротуризм, соғломлаштириш ва гастрономик сайёҳлик йўналишлари ташкил этилаётгани, кичик туризм зоналарига асос солинаётгани, ҳудуднинг туристик салоҳияти хорижда ҳам кенг намойиш қилинаётгани келгусида ўз самарасини бермоқда. Шу боис сайёрамизнинг турли давлатларидан келадиган ва маҳаллий туристлар учун барча замонавий шароитларни яратишга алоҳида аҳамият қаратилаётир. 2018-2019 йилларда вилоятнинг туризм инфратузилмасини янада ривожлантиришга йўналтирилган 74 лойиҳа учун 185,2 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб этиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар ишга туширилиши билан 858 янги иш ўрни яратилади.

Айни пайтда вилоятда сайёҳларга бир йўла 1 минг 500 га яқин меҳмонни жойлаштириш қувватига эга 67 меҳмонхона, меҳмон уйлари, санаторий ва соғломлаштириш маскани хизмат кўрсатмоқда. Ўндан ортиқ туроператорлик йўналишида тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётир. Туристларга транспорт хизмати кўрсатиш сифати ҳам ўсиб бормоқда. Хусусан, шу йилнинг ўтган даврида тадбиркорлар томонидан хорижнинг ўнга яқин замонавий автобуслари олиб келинди. Йил якунигача яна ўнта туристик тоифадаги янги автобус олиб келиш мўлжалланмоқда. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар воҳанинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, одамларнинг бандлик масаласини ечиш ва юртимизни дунёга кенг тараннум этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.