Создать публикацию

Uz

Хоразмда мурда тирилиб, судда «кўрсатма берди»


2016 йилнинг 19 октябрь куни Урганч шаҳрида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Янги Шовот кўчаси билан Жайхун кўчаси кесишган чорраҳада «Каптива» ва «Ласетти» русумли автомашиналар тўқнашиб кетиши оқибатида, «Ласетти» ҳайдовчиси Ойбек Эсамуратов, унинг уч нафар фарзанди турли даражада тан жароҳати олишади. Унинг таниши Маҳбуба Қурязова эса оғир жароҳатлар натижасида, шифохонада вафот этади. «Каптива» бошқарувида бўлган Жасур Худойберганов енгил тан жароҳати олган.

Янгибозор тумани, Ойбек кўчаси, 3-уйда яшовчи Ойбек Эсамуратовнинг айтишича, у чорраҳадан светофорнинг яшил чироғида ўтаётганида, ён томондан катта тезликда келган ва қизил чироқда ўтган ҳайдовчи Жасур Худойберганов бошқарувидаги «Каптива» унинг автомашинасини уриб юборган. Натижада, «Ласетти» 32 метр масофага учиб кетган ва йўл четидаги бордюрга бориб урилган.

Бу жиноят иши бир нечта суд инстанцияларида муҳокама қилинган ва сўнгра Олий суд ажрими чиқарилган. Уларнинг барчаси Ойбек Эсамуратовни йўл-транспорт ҳодисасини содир этганликда айбдор деб топган. Судлар гувоҳларнинг кўрсатмаларини ишончли деб топиб, шу ҳақда ҳукм чиқаришган. Аммо, негадир, бу «ишончли» гувоҳларнинг барчаси Жасур Худойбергановнинг таниши ёки қариндоши бўлиб чиқади, уларнинг кўрсатмалари эса хилма-хиллиги, бир-бирига зидлиги билан ажралиб туради.

Гувоҳларнинг кўрсатмаларини суд ҳукмларидан олиб, қисқача танишамиз.

Биринчи гувоҳ Шерзод Жонибеков (Жасур Худайбергановнинг таниши) дастлабки тергов ва Янгиариқ тумани судида «мен 90 Q 993 FA давлат рақамли «Матиз» русумли автомобилимда чорраҳада чап томонга қайрилмоқчи бўлиб турганимда, «Ласетти» қарама-қарши йўналишдан соатига 70-80 км тезликда келаётган «Каптива»ни ўтказиб юбормасдан, тўқнашув содир қилди», деган. Аммо Хива шаҳар судида «мен «Нексия» русумли автомобилимда чорраҳада ўнг томонга қайрилмоқчи бўлиб турганимда, «Ласетти» қарама-қарши йўналишдан келаётган «Каптива»ни ўтказиб юбормасдан, тўқнашув содир қилди», деган. Қизиғи шундаки, «Билайн» компанияси томонидан тақдим қилинган пеленг маълумотига кўра, Шерзод Жонибеков ўша вақтда автоҳалокат юз берган жойда бўлмаган. У воқеа жойига бир соатдан сўнг етиб келган.

(Шу ўринда пеленг ҳақида қисқача тушунтириш. Уяли алоқа компаниялари пеленгацияси мижознинг қўл телефони сигналидан ва атрофидаги антенналарнинг ҳолатидан келиб чиқиб, унинг қаерда эканини аниқлаш имкониятини беради. Пеленг маълумотидан дастлабки терговда ва судда фойдаланилади).

Кейинчалик маълум бўлишича, 90 Q 993 FA давлат рақамли «Матиз» автомобили умуман мавжуд эмас. Бундай рақамли «Нексия» автомобили бор ва у иккинчи гувоҳ сифатида кўрсатма берган Шавкат Худойбергановга тегишли. Уни ҳам эшитиб кўрамиз.

Иккинчи гувоҳ Шавкат Худойберганов (Жасур Худойбергановнинг амакиси) апелляция судида автоҳалокат содир бўлишидан ярим соат олдин, Жасур Худойберганов билан бир шиша ароқ ичгани, шундан кейин, автоҳалокат ҳақида эшитиб, тезда етиб борганини, Шерзод Жонибековни (биринчи гувоҳни) танимаслигини, уни воқеа жойида кўрмаганини ҳамда «Нексия» автомобилини ҳеч кимга бермаганини айтган.

Учинчи гувоҳ Эгамберган Рўзметов (Жасур Худойбергановнинг тоғаси) автоҳалокат содир бўлган пайтда чорраҳага Шерзод Жонибеков (биринчи гувоҳ) билан «Матиз» автомашинасида бирга борганини ва «Ласетти» автомашинаси «Каптива»ни ўтказиб юбормай, автоҳалокат содир этгани ҳақида кўрсатма берган. Аслида, у воқеа содир бўлган пайтда Шовот туманидаги Қангли қишлоғида, воқеа жойидан 60 км (!) узоқликда эди. Буни UCELL компаниясининг пеленг маълумоти тасдиқлайди.

Тўртинчи гувоҳ Расул Маҳмудов (Жасур Худойбергановнинг укаси Мансурнинг дўсти) дастлабки тергов ва Янгиариқ тумани судида берган кўрсатмасида «Матиз» автомашинамда кетаётганимда, «Ласетти» ва «Каптива» тўқнашувига гувоҳ бўлдим, бунда «Каптива» яшил чироқда чорраҳага кириб келди», деган. Апелляция судида эса кўрсатма бироз ўзгаради, «Матиз» автомашинамда кетаётганимда, «Ласетти» ва «Каптива» тўқнашувига гувоҳ бўлдим, бунда «Каптива» яшил чироқда чорраҳага кириб келди. Кейин машинамдан тушиб, воқеа жойига борганимда, дўстим Санжар Жаббаровни кўрдим», деган. Хива шаҳар судида эса «Матиз» автомашинамда дўстим Санжар Жаббаров билан кетаётганимда, «Ласетти» ва «Каптива» тўқнашувига гувоҳ бўлдим», деб айтган. Қизиғи шундаки, UMS компанияси пеленг маълумотига кўра, Расул Маҳмудов шу вақт оралиғида дўсти Санжар Жаббаров билан 7 марта телефонда суҳбатлашган. Яъни, агар у машинада дўсти билан бирга бўлса, демак йўлда телефонда суҳбатлашиб кетган экан-да?..

Бешинчи гувоҳ Санжар Жаббаров (Жасур Худойбергановнинг укаси Мансур Худойбергановнинг дўсти) аввалги гувоҳнинг кўрсатмаларини такрорлайди. Яъни, олдин у воқеа жойига пиёда етиб келганини айтади, бироқ, кейинчалик, кўрсатмасини ўзгартириб, «Расул Маҳмудовнинг «Матиз»ида келдим», дейди.

Олтинчи гувоҳ Олланазар Матяқубов (Жасур Худойбергановнинг отасининг синфдоши) дастлабки терговда «Каптива» автомашинаси чорраҳада тўхтамасдан, светофорнинг яшил чироғида ўтиб кетаётганида...», деган. Аммо апелляция судида эса чорраҳага келганида, «Каптива» ва «Дамас» автомашинаси қизил чироқда тўхтаб турганини, яшил чироқ ёнганидан сўнг, ҳаракатланганини айтган.

Ушбу гувоҳларнинг бир-бирига зид бўлган, чалкаш кўрсатмалари уларнинг холис эканлигидан, рост гапираётганидан далолат берадими? Аммо бу кўрсатмалар суд ҳайъати томонидан ишончга сазовор деб топилган.

Яна бир қизиқ томони, воқеанинг асосий иштирокчиси, «Каптива» ҳайдовчиси ва жабрланувчи деб топилган Жасур Худойберганов фақат дастлабки судда қатнашган холос. Кейинги учта суд мажлисида у иштирок этмаган. Ойбек Эсамуратов адвокатининг Худойбергановни судга олиб келиш ҳақидаги талаблари негадир қондирилмаган. Дастлабки судда Жасур Худойберганов бир шиша вино ичган ҳолда транспорт воситасини бошқарганини тан олган. У билан бирга бўлган гувоҳ Шавкат Худойберганов эса бир шиша ароқ ичдик деган.

Бундан ташқари, Жасур Худойберганов дастлабки терговда «рулда мен эмас, отам эди», деб кўрсатма берган. Унинг отаси Худойберган Худойберганов ҳам ўғлининг воқеа жойида бўлмаганини ва транспорт воситасини шахсан ўзи бошқарганини, автоҳалокат натижасида жароҳат ҳам олганиҳақида терговда кўрсатма берган. Буни исботлаш мақсадида, қўлини кесиб, ўзига тан жароҳати етказган. Аммо экспертиза натижасида «Каптива» салонидаги қон доғлари ва соч толаси Жасур Худойбергановга тегишли экани аниқланган. Ота-бола Худойбергановнинг тергов ва судни чалғитишга бўлган бу ҳаракатларига судда ҳеч қандай баҳо берилмаган.

2017 йил 20 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди мана шу гувоҳларнинг кўрсатмасини ишончли деб ҳисоблаб, Ойбек Эсамуратовни айбли деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этган. Бундан ташқари, Жасур Худойберганов фойдасига 36 миллион сўм ундирилишини белгилаган.

2018 йил 15 февралдаги апелляция суди бу қарорни ўзгартириб, Ойбек Эсамуратовни 2 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилган.


Ойбек Эсамуратов автоҳалокат натижасида 5 кун комада ётади. Натижада, воқеа юз берган пайтда гувоҳларни жалб қилиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Кейинчалик, у воқеани кўрган бошқа гувоҳларни аниқлаш мақсадида, матбуотда ва ТВда эълон бериш ҳақида терговчига илтимоснома тақдим қилади. Аммо негадир у рад қилинади. Шундан сўнг, Ойбек Эсамуратов мустақил равишда бекатларга, симёғочларга эълон ёпиштиради, такси ҳайдовчиларидан суриштиради. Натижада, катта қийинчилик билан бир неча гувоҳни топишга муваффақ бўлади.

Бу гувоҳлар - Саломат Саъдуллаева, Ҳамза Мусабеков, Фарҳод Мадримов, Мурод Хажиев ва Хурсандбек Каримов «Каптива» автомашинаси катта тезликда чорраҳага кириб келиб, тўқнашув содир қилганини кўргани ҳақидаги кўрсатма беришган. Аммо суд бу гувоҳлар воқеа жойида бўлмагани туфайли кўрсатмаларни ишончга сазовор эмас деб топган.

Хива шаҳар суди бу гувоҳларнинг Ойбек Эсамуратов билан 2016 йил декабрь ойидан 2017 йил сентябрь ойига қадар жуда кўп марта телефон орқали суҳбатлашгани туфайли, уларнинг кўрсатмасини ишончли эмас (!) деб топган. Аммо уяли алоқа компаниялари пеленги асосида улар воқеа жойида бўлганига эътибор қаратмаган.

Энди марҳум Маҳбуба Қурязова тирилиб, судда қандай кўрсатма бергани ҳақидаги мўъжизавий ҳолатга эътибор берамиз.

2016 йил 3 ноябрь куни, яъни Маҳбуба Қурязованинг вафотидан 14 кун ўтгач (!) фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди, ўз биносидаги очиқ суд мажлисида ажрим чиқаради.  

Унда даъвогар Маҳбуба Қурязованинг эри Фурқат Болтаевга нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилади. Раислик қилувчи суд раиси Ж.Султанова, котиб Х.Матяқубов иштирокида Маҳбуба Қурязованинг эри билан ярашиб олгани ва даъводан воз кечиш ҳақидаги аризасини инобатга олиб, фуқаролик ишини юритишдан тўхтатади. Маҳбуба Қурязовага ФПКнинг 102-моддасига асосан, иш юритишнинг тугатиш оқибатлари тушунтирилади.

Қабрда ётган одамнинг судга қандай келгани ва унга қандай қилиб тушунтириш берилганини билмаймиз. Аммо, бу ҳақдаги ҳужжат қўлимизда мавжуд.


Хўш, бу ишнинг автоҳалокатга қандай алоқаси бор дерсиз? Гап шундаки, Фурқат Болтаев судларда Маҳбуба Қурязованинг эри сифатида иштирок этган ва жавобгарни жазолашни, шунингдек, маънавий зарар ундириб беришни талаб қилган. Унинг маънавий зарар ҳақидаги талаби жиноят ишлари бўйича суд ваколатида эмаслиги сабабли рад этилиб, фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Ойбек Эсамуратовга нисбатан чиқарилган айблов ҳукми нималарга асослангани қизиқ. Гувоҳлар Жасур Худойбергановнинг таниши, қариндоши бўлгани, уларнинг кўрсатмалари чалкаш ва бир-бирига зид бўлиши, бу кўрсатмаларнинг инобатга олинмаслигига асос бўлиши керак эмасмиди? Қонунан қаралганда эса, қасам остида ёлғон кўрсатма бергани учун уларнинг устидан жиноят иши қўзғатилиши лозим эди.

Аммо жиноят иши Ойбек Эсамуратов фойдасига гувоҳлик берган Фарҳод Мадримов устидан очилган ва у ёлғон гувоҳлик берганликда айбдор деб топилиб, 6 ой ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган.

Айни пайтда, Ойбек Эсамуратов 2 йиллик шартли қамоқ жазосини ўтаяпти, ойлигининг 20 фоиз миқдорини давлат фойдасига ўтказиб келмоқда. Бундан ташқари, Жасур Худойбергановга 36 миллион сўм тўлаб бериши ҳам керак. Аммо у ўзининг мутлақо айбсиз эканига ишончи комил.

P.S. Маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган Жасур Худойбергановга бу ҳолат юзасидан қандай чора кўрилганини билмаймиз. Аммо 2017 йил 23 февраль куни (автоҳалокатдан 4 ой ўтгач) унга нисбатан расмийлаштирилган яна бир маъмурий баённома ҳам бор. Унда Жасур Худойберганов ёнида ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда, маст ҳолда яна ўша «Каптива»ни бошқариб, қоидабузарликка йўл қўйгани ёзилган.

Нурмуҳаммад Саид