Создать публикацию

Uz

Ҳукумат қарори: xорижда жабрланган ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ижтимоий ёрдам кўрсатилади

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фавқулодда вазиятларда жабрланган ва ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг оила аъзоларига ижтимоий ёрдам кўрсатиши лозим. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Телеграм каналида хабар қилинди.

Хабарда айтилишича, Хорижий давлатлар ҳудудида фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқароларига ёрдам ишларини молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг заҳира маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қарор билан тасдиқланган низомда хорижий давлатлар ҳудудида фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган фуқароларга ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлганларни эвакуация қилиш тартиби белгилаб берилмоқда.

Хусусан, хорижий давлатлар ҳудудида содир бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатида Ўзбекистон фуқаролари жабрланган тақдирда уч соат ичида Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш ва бошқа вазирлик идораларнинг вакилларидан иборат махсус гуруҳ фавқулодда вазият содир бўлган ҳудудга учиб (жўнаб) кетиши лозим.

Шунингдек, низомда ҳар бир ташкилотнинг фавқулодда вазият содир бўлганда бажариши лозим бўлган функциялари белгилаб берилмоқда.

Масалан, эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фавқулодда вазиятларда жабрланганларга ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ижтимоий ёрдам кўрсатиши лозим