Создать публикацию

Uz

Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмонни табриклади


Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлат раҳбари Тожикистон президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар тилаган.

Томонлар олий даражадаги мунтазамлик касб этган учрашув ва мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар, дейилади хабарда.

Жорий йил 17-18 август кунлари Тожикистон Республикаси президентининг мамлакатга давлат ташрифи доирасида ўтказилган самарали музокаралар, уларнинг якуни бўйича эришилган келишув ва имзоланган икки томонлама ҳужжатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси президентининг жорий йил 27-28 сентябрь кунлари МДҲ Давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Душанбега амалий ташрифи доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар натижакорлиги қайд этилди. 

Бугунги кунда савдо-иқтисодий алоқалар фаол ривожланиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажми ортиб, турли тармоқларда кооперация, транспорт-коммуникация соҳасидаги алоқалар ривожланмоқда, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда, дейилади хабарда. 

Томонлар икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида ҳамкорликни ривожлантириш ва эришилган келишувлар ижросини тўлиқ таъминлашда мунтазам амалий алоқалар муҳимлигини қайд этган.

Билдирилишича, мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидлаганлар