Создать публикацию

Uz

Ўзбекистон мактабларида бепул ва пуллик хизматлар йўлга қўйилади


Давлат умумий ўрта таълим мактабларида (давлат таъминоти асосида) бепул ва пуллик асосда ташкил этиладиган хизматлар рўйхатларини тасдиқлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Қарор лойиҳасида давлат умумий ўрта таълим мактабларида (давлат таъминоти асосида) бепул ва пуллик ташкил этиладиган хизматлар рўйхати тасдиқлаш назарда тутилган.

Бепул амалга ошириладиган хизматларга - дарсларни яхши ўзлаштира олмаган ўқувчилар билан қўшимча ишлаш; мактабнинг кутубхона фондидан фойдаланиш; йиллик тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа хизматлар киритиш кўзда тутилган.

Пуллик асосда ташкил этиладиган хизматлар эса: дарсликларни белгиланган тўлов эвазига ижарага олиш (биринчи синф ўқувчилари ва кам таъминланган оила фарзандлари бундан мустасно); умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув дастурларида назарда тутилмаган (Давлат таълим стандартларидан ташқари) билимлар бўйича келишилган нархларда қўшимча таълим олиш;

Шунингдек, умумий ўрта таълим мактабининг узайтирилган кун гуруҳларида белгиланган тўлов асосида таълим-тарбия олиш; умумий ўрта таълим мактабининг асосий фаолияти ҳисобланмайдиган таълим-тарбия хизматларидан фойдаланиш (жумладан, ҳунар ўргатувчи ва спорт тўгараклар, қизиқишлар бўйича тўгараклар, якшанбалик мактаблари ва бошқа).

Қарор лойиҳаси 20 октябргача муҳокама қилинади.