Создать публикацию

Uz

Чинозлик Аҳмадбой: Мен ҳеч қачон бировни алдамаганман

 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Суд олдида жавоб бераётган А. Турсунбоев ва бошқалар Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган фирибгарлик, пора бериш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси Дилшод Комилов раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида халқ маслаҳатчилари, прокурор, жабрланувчилар, фуқаровий даъвогар вакили, судланувчиларнинг адвокатлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси Д. Комиловнинг маълум қилишича, жиноят иши бўйича суд тергови якунига етган.

Судда раислик қилувчи судланувчиларга сўнгги сўз берди.

«Мен ҳеч қачон бировни алдамаганман, — деди А. Турсунбоев. — Одамлар менга ўз ихтиёри билан пулларини келтириб берган. Асл мақсадим бу пулларни тадбиркорлик қилиб кўпайтириб, эгаларига қайтариш бўлган. Мен бундан афсусдаман ва қилмишим учун халқимиздан, Президентимиздан кечирим сўрайман».

Бошқа судланувчилар ҳам билмай ноқонуний ишга аралашиб қолгани, бундан пушаймон эканликларини билдирди.

Суд мажлиси якунланди. Суд маслаҳатлашуви тугаганидан сўнг суд қарори эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ иш юзасидан суд ҳукми 19 февралда эълон қилиниши билдирилган эди.