Создать публикацию

Uz

Бутунлай ислоҳ этилади. Ўзбекистонда солиқ тизимининг мутлақ янги концепцияси эълон қилинди

 

Бугун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида Ўзбекистон солиқ тизимини ислоҳ қилишнинг янги концепцияси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди. Унга кўра амал қилаётган солиқ тизими мутлақ ўзгартирилиши керак.

I. Солиқ тизимини ислоҳ қилишда устувор йўналишлар:

Солиқ қонунчилигини имкон қадар соддалаштириш, норматив ҳужжатлардаги коллизия ва қарама-қаршиликларни йўқотиш, солиқ тўловчилар манфаатини ҳимоя қилиш.

Солиқ тизимидаги ҳар қандай ўзгаришлар кейинги молиявий йилдан кучга кириш тартибини жорий этиш.

Тадбиркорларга солиқ босимини камайтириш, катта ва кичик корхоналари орасида солиқ миқдоридаги тафовутларни бартараф этиш.  

Тенг рақобат муҳити яратиш мақсадида, шахсий солиқ ва божхона имтиёзлари бериш қатъиян таъқиқланади.  

Солиқлар умумий сони камайтирилади, бир хил базадан олинадиган солиқлар умумлаштирилади. Солиқ ҳисоботлари соддалаштирилади.

II. Солиқ тизими ислоҳ қилинадиган асосий йўналишлар

1. Юридик шахслар даромад солиғи бекор қилинади. Тижорат банклари ва суғурта компанияларидан бундан мустасно.

2. Қўшилган қиймат солиғи 20% дан 12%га туширилади, лекин шу билан бирга айланма маблағ миқдори 1 миллиарддан кўп бўлган, барча тоифадаги солиқчилар уни тўлашга мажбур бўлади. ҚҚС бўйича берилган имтиёзлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг самарасизлари бекор қилинади.

3. Юридик шахслар даромадидан давлат мақсадли фондларига олинадиган тўловларнинг барчаси бекор қилинади.

4. Жисмоний шахслар даромад солиғи, ягони ижтимоий солиқ, нафақа фондига суғурта тўловлари – ягона 25%ли солиқ айлантирилади.

5. Соддалаштирилган тартибад солиққа тортиш тизими бекор қилинади. Ер солиғи ва ягона солиқ тўланадиган фаолият турлари қайта кўриб чиқилади.

6. Янги солиқ тизимида кичик бизнес корхоналари ҳисобланадиган юридик шахслар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  1. йиллик обороти 1 млрд сўмдан кам;
  2. қўшилган қиймат солиғи тўламайдиган;
  3. 5%ли даромад солиғи тўлайдиган;

7. Тадбиркорлик субъектининг йиллик даромад миқдори 1 миллиард сўмдан ошган тақдирда хусусий тадбиркорлар юридик шакли ўзгармаган ҳолда умумий солиқ тизимига ўтказилади.

8. Юридик шахслар мол-мулкига бўлган солиқ босими босқичма-босқич камайтирилади. Хусусан,  2019 йилда – 2,5 %гача, 2021 йилга қадар – 1 %гача.

9. Соддалаштирилган солиқ тизимини бекор қилиш эвазига ер ва мулк солиқлари тўловчилари сонини кенгайтириш. Беш йил ичида кўчмас мулк солиғи жорий этиш.    

10. Сув ва ер бойликларидан фойдаланувчилар учун солиқ тизимини такомиллаштириш.

11. Акциз солиқларини умумлаштириш эвазига уларнинг турларини қисқартириш.

12. Интеллектуал мулк солиғи олиш услубларини ишлаб чиқиш.

13. Резидент бўлмаган юридик шахслардан солиқ олиш тизимини такомиллаштириш.

III. Солиқ маъмурияти соҳасидаги ислоҳотлар

Ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали, солиқ органлари ва солиқ тўловчиларининг шахсий алоқасини имкон қадар чеклаш.  

Солиқ тзимига онлайн маълумот берувчи касса-назорат аппаратлари ўрнатиш

Тадбиркорликнинг айрим самарасиз шаклларини, жумладан оилавий ва хусусий корхоналар  бекор қилиш.  

Ўхшаш базалардан олинаётган солиқларни қайта кўриб чиқиш ва уларни қисқартириш.

Ортиқча олинган солиқларни қайтариш тизимини ишлаб чиқиш.

Солиқ соҳасида йўл қўйилган қонунбузарликлар учун жарима чораларни қайта кўриб чиқиш

Солиқ имтиёзларини фақат маълум мақсадлар учун бериш ҳамда самарасиз сарфланган имтиёзларни бюджетга қайтариш механизмларини ишлаб чиқиш.

Солиқ тизимидаги аудит механизмини тубдан такомиллаштириш. Коррупцияга қарши ички назорат тизимини ўрнатиш.

Солиқ тўловчиларнинг солиқ қонунчилигидан хабардорлик даражасини ошириш. Турли вебинар ва онлайн-чатлар ташкил қилиш.

IV. Солиқ ислоҳотларидан кутилаётган натижалар

Юқоридаги силоҳотлар натижасида пайдо бўладиган янги солиқ тизими, қуйидагиларни таъминлаши керак:  

Иқтисоднинг тезкор ривожланишини;  

Тадбиркорлик субъектларига бир хил солиқ босими қўйилиши;  

Соғлом рақобатбардош тадбиркорлик муҳити яратиш, шахсий имтиёзлар бериш амалиётига чек қўйиш;

Иқтисодни янада эркинлаштириш, тадбиркорлар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;  

Лойиҳанинг тўлиқ матни билан Номатив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокама қилиш порталида танишиш мумкин