Создать публикацию

Uz

Бишкекда 38 киши овқатдан заҳарланди

31 мартда Бишкекдаги ресторанлардан бирида одамлар оммавий заҳарландилар. Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, айни вақтда Республика юқумли касалликлар шифохонасида 38 жабрланувчи, жумладан 7 бола ётибди.  

   

Маълум қилинишича, заҳарланган одамларнинг ҳаёти хавф остида эмас. Барча жабрланувчилар белгиланган даволашни олмоқдалар, дори-дармон билан таъминланганлар. 

Давлат санитария-эпидемиология назорати томонидан тегишли текширув ўтказилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ресторанга мамлакатнинг турли ерларидан 190 га яқин одам келган. Шу сабабли барча вилоят ва туман санитария-эпиддемиология назорати марказлари тегишли тадбирларни ўтказиш учун жалб қилинган.

Жабрланувчилардан намуналар олиниб, лабораторияга жўнатилган. Натижа 3 кун ичида маълум бўлади. Ресторанда текширув ўтказилмоқда. Воқеа юз берган рестораннинг номи ошкор қилинмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Бекобод шаҳрида 30-31 март кунлари 55 нафар шахс, шу жумладан 6 нафар бола озиқ-овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага тушди. Аниқланишича, жабрланувчилар 28 март куни Бекободдаги “Бахт уйи” тўйхонасидаги никоҳ тўйида ва “Дилдора” тўйхонасидаги қиз базмида иштирок этишган. Иккала тўйхонада ҳам Бекобод шаҳридаги “Нодирбек омад барака” хусусий корхонасига қарашли “Истиқлол” кафеси томонидан тайёрланган “Мужской каприз”, “Японча”, “Қиролича”, “От шефа”, “Пикантний”, “Оливье”, “Гўштли бодринг” салатлари, норин, чучвара, люла кабоб, угра, бифстроган таомлари дастурхонга қўйилган.