Создать публикацию

uz

Владимир Путин профессор Наби Зиёдуллаевга «Россияда хизмат кўрсатган фан арбоби» унвонини берди

Россия президенти Владимир Путин иқтисод фанлари доктори, профессор Наби Зиёдуллаевга «Россияда хизмат кўрсатган фан арбоби» унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Podrobno.uz» хабар бермоқда.


Фото: UzNews

Ҳужжатга кўра, унвон ўзбекистонлик олимнинг илм-фан ривожига қўшган катта ҳиссаси ва узоқ йиллик самарали фаолияти учун берилди.

Наби Зиёдуллаев 1944 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Шу ерда Халқ хўжалиги институтини тамомлаган.

70—90 йилларда Ўзбекистон ва Марказий Осиёда илмий-тадқиқот ишларининг иқтисодий-математик йўналишларини шакллантириш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. 1995 йилда Москвага, академик С.Шаталиннинг Иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар халқаро жамғармасига таклиф этилди ва у ерда 2006 йилгача вице-президент бўлиб ишлади.

Минтақавий ва дунё иқтисодиёти, иқтисодий-математик моделлаштириш, саноат ва банк ишини бошқариш бўйича 7 та шахсий, 12 та жамоавий монография, 200 дан ортиқ илмий иш муаллифи бўлган олим 5 нафар фан доктори, 40 нафардан ортиқ фан номзодини тайёрлади.

У 2013 йилдан бери Россия Фанлар академиясининг Бозор муаммолари институти бош илмий ходими бўлиб ишлаб келмоқда.

Manba: daryo.uz