Создать публикацию

uz

Банкдан доллар олиш мумкин бўлди, энди сўмга нисбатан муносабатимиз ўзгарадими?
Банкдан доллар олиш мумкин бўлди, энди сўмга нисбатан муносабатимиз ўзгарадими?


2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб конверсион карталардаги пулларни банклар орқали нақдлаштириб олиш мумкин бўлди. Яъни иқтисодиётнинг ҳамма танқид қиладиган бир муаммосига барҳам берилди. Бу ислоҳот ортидан бизнинг – оддий аҳолининг онгида ҳам ўзгаришлар содир бўладими?


Ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистонда жисмоний шахслар ўртасида барча йирик олди-сотдилар асосан АҚШ долларида амалга оширилади. Мамлакатимизда банкдан ташқари, чўнтаклараро айланаётган доллар кўламини ҳисоблаш, тахмин қилиш қийин. Лекин бу жуда катта маблағ эканлиги аниқ.


Албатта, хусусий мулк дахлсизлиги конституция билан ҳимояланган ва ҳар бир фуқаро ўз мулкини истаган тарзда сотиши мумкин. Аммо нима учун биз барча олди-бердиларда АҚШ долларига бу қадар боғланиб қолганмиз?


Саволга жавоб изларканмиз, аввало вазият тарихига назар ташласак. 1990-йилларда юртимизда яшовчи бошқа миллат вакиллари, асосан руслар уйларини сотиб, кўчиб кета бошладилар. Кўчмас мулк баҳоси жуда арзонлиги билан бирга унинг сотувидан тушган пулни бошқа давлатда ишлатиш муаммоси ҳам бор эди. Аввалига МДҲ давлатлари билан умумий валюта – рубль маълум муддат ишлаб турди. Аммо рублга мулк сотганлар ўрнига нимадир харид қилгунларича пул анча қадрсизланиб кетаверди. Шундай вазиятда универсал валюта сифатида шу пайтгача ҳам дунёда бу мақомни эгаллаб келган АҚШ доллари «кашф қилинди».


Биз учун хусусий мулкнинг иккинчи йирик шакли асосан автомобиль бўлган. Дастлаб, ўз автосаноатимиз ишга тушмаган пайтларда хориждан, асосан Россиядан енгил машиналар олиб келиб сотиларди. Бу бозорда ҳам доллар «беминнат» хизматчи ролини ўйнаб берди.


Бу жараёнлар изсиз кетмади албатта. Халқ онгида нақд пул шаклидаги бойликни асраш, жамғаришда АҚШ доллари тобора кўпроқ роль ўйнай бошлади. Ҳозирги даврдан фарқли равишда долларнинг қадри у пайтлар ҳақиқатан ҳам жуда баланд, шаҳарларда 1000-2000 АҚШ долларига яхши квартира сотиб олиш мумкин бўлса, 100 долларга эга инсон анча бадавлат ҳисобланарди.


Йиллар ўтаверди. Ўзбекистон иқтисоди ҳам қатор омиллар туфайли аввал изига тушди, кейин тиклана бошлади. Аммо иқтисоднинг кўтарилиши ҳам «хорижий валюта»га бўлган муҳаббатимизни сусайтира олмади. Энди бунга асосий сабаб сифатида сўмнинг кучли инфляцияси юзага чиқди.


«Хорижий валюта қийматини белгилаш чоғида марказий банк...» деган қизиқарли жумлаларни эшита бошлаганимизга ҳам 20 йилдан ошди. Ўзбекистонда хорижий валютанинг – амалда АҚШ долларининг уч хил курси амал қилди. Жисмоний шахслар орасида миллиардлаб доллар қўлма-қўл бўлиб юраверса-да, деярли ҳеч ким расман – банк орқали валютани нақд шаклда сотмади ва сотиб олмади.


Бу жараёнлар ҳам оддий аҳолининг долларга қарамлигига, барча йирик олди-бердилар шу валютада амалга оширилишига замин яратди. Бундан ташқари узлуксиз давом этаётган инфляция туфайли сўмимиз орқали нақд шаклда олди-берди қилишнинг иложи ҳам қолмаган, ҳали 5000, 10 000, 50 000 сўмлик пуллар муомалага киритилмаган йилларда бунинг учун юк машиналари керак бўларди.


Долларга қарамликнинг яна бир муҳим омили нақд пул ва пластик карталардаги маблағ ўртасидаги тафовут бўлди. Нақд сўм бўлганда ҳам доллар топиш андак муаммо бўлган бир пайтда пластик картадаги маблағ долларга айлангунича анча йўқотишлар бўларди. Бу ҳам жамғаришнинг ягона варианти сифатида долларнинг қадрини ошираверди. Лекин шу билан бирга доллар ҳажми ҳам кўпайгандан-кўпайди. Автомобиллар ҳам, кўчмас-мулк нархи ҳам кескин ошди.


Ҳозирги кунда бу муаммолар асосан ечим топди. Нақд ва нақд бўлмаган пул ўртасидаги тафовут йўқолди. Яъни пластик картадан нақд пул ечиш, нақд пул орқали конверсион картага АҚШ доллари сотиб олиш имконияти туғилди. Бу ислоҳотларнинг охирги ҳалқаси бўлган нақд шаклда хорижий валюта олиш имконияти ҳам яратилди. Энг қизиқ жараён — охирги пайтларда сўм эмас, аксинча, доллар қадрсизланаяпти.


Бу борадаги муаммолар ечимини топган экан, энди сизу биз — оддий фуқаролар доллардан воз кечиб, миллий валютамизга муносабатимизни ўзгартирамизми? Сўмга бўлган ҳурматни оширамизми?


Айтайлик, квартира сотдингиз. Барча ривожланган давлатлардаги каби ўз ҳисоб рақамингизга мамлакатингизнинг миллий валютасида пул тушириб оласизми? Ахир энди валюта зарур бўлган ҳолатда ҳам ҳисоб рақамидан пластик картага, картадан долларга айлантириш муаммо эмас-ку!


Бу саволларга ҳамон «йўқ... билмадим... кўрамиз-да...» деб жавоб бераётганингизга шубҳа йўқ. Албатта, йиллар давомида онгимизга чуқур ўрнашган фикрдан бирданига воз кечиб қўя қолмаймиз.


Лекин яна бунинг учун яна ўшанча йилларни ўтказиш ҳам инсофдан бўлмайди. Барча давлатларда ўзини ҳурмат қилган фуқаролар ўз миллий валюталарини ҳам ҳурмат қиладилар!


Давлат чуқур ислоҳотларни ўтказаётган экан, биз ҳам ўзимизнинг онгимизда иқтисодий ислоҳотлар ўтказадиган давр келди.


Манба: Xabar.uz