Создать публикацию

Uz

Салмон Хон 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Фото: AP
Фото: AP

Болливуд юлдузи Салмон Хон Ҳиндистондаги муҳофаза остидаги ноёб антилопаларни овлаганлиги учун беш йилга ҳибсга олинди. TheGuardian шу ҳақида хабар берди

Ражастон штати суди пайшанба куни дунёнинг энг кўп ҳақ олувчи актёрларидан бири Салмон Хон 1998 йилда Жодҳпурдаги съёмкалар вақтида ўз автомобили деразасидан икки антилопани ноқонуний овлашда айбдор деб топилди.

Прокурорларнинг таъкидлашича, айни дамда 52 ёшни қаршилаган Хон ва яна 4 нафар актёр уларни сезишганини пайқашлари билан жониворларни ташлаб, воқеа жойидан машинада қочиб қолишган.

Бошқа актёрлар, жумладан Саиф Али Хон ва Сонали Бендре далиллар йўқлиги сабаб Жодҳпур суди томонидан оқланган. 

Ҳиндистон Ёввойи табиат муҳофазаси тўғрисидаги қонун деярли барча ёввойи ҳайвонларни махсус рухсатномасиз овлашни тақиқлайди.

Суд Салмон Хонга беш йиллик жазо муддатидан ташқари, 10 минг рупийлик жарима ҳам солди. Унинг адвокатлари суд қарорини аппеляцияга беришлари ва актёрни имкон қадар тезроқ гаров эвазига озод қилишга ҳаракат қилишларини маълум қилишган. Хон маҳаллий шифохонада тиббий текширувдан ўтказилгач, Жодҳпур марказий қамоқхонасига йўлланади. 

Жодҳпурдаги суд зали атрофини актёрнинг мухлисларидан ҳимоялаш учун юзлаб полициячилар жалб қилинган.