Создать публикацию

Uz

Мирзиёев Ёзувчилар уюшмасига доир қарорни имзолади, қатор газета ва журналларга ҳомийлар бириктирилди


Фото: Ёзувчилар уюшмаси
Фото: Ёзувчилар уюшмаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг асосий фаолият йўналишлари, унинг Низоми ва таркибий тузилмаси бугунги шиддатли давр талабларига тўла жавоб бермаяпти. Бозор иқтисодиёти ва глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ ҳозирги мураккаб шароитда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган машаққатли ижодий меҳнатини муносиб қадрлаш, адабиёт ва санъат соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш, бадиий ижод аҳлининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, истеъдодли ёш ижодкорларни тизимли асосда тарбиялаш ва бошқа ўта муҳим йўналишларда оқсоқликка йўл қўйилмоқда.

Қарор билан республика Маънавият ва маърифат кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда ижодий жамоатчиликнинг:

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг жамиятимизда миллий ғоя, янгича тафаккур ва дунёқарашни ривожлантириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;

Уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулиятини ошириш, уларни халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини, эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган туб ўзгаришларни теран акс эттиришга қаратилган юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш;

Уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун ҳар томонлама шароит яратиб бериш, машаққатли ижодий меҳнатини адолатли баҳолаш;

Уюшманинг обрў-эътибори ва юксак мақомини муносиб сақлаш, унинг сифат таркибини яхшилаш мақсадида ушбу ташкилотга аъзоликка қабул қилиш бўйича замонавий ва таъсирчан мезонларни белгилаш; 

катта истеъдод ва юксак гражданлик позициясига эга бўлган кекса авлод вакилларининг ижодий салоҳияти ва маҳоратидан ёшларни кенг баҳраманд этиш;

ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун чуқур ўйланган, замонавий илм-фан ютуқларига асосланган инновацион усулларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

дунё адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш, мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга ўгириш ва чет элларда тарғиб этиш тизимини яратиш;

ўзбек тилидаги Интернет адабиётини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

мумтоз адабиётимизни, хусусан, Алишер Навоий асарларини халқимизга янада яқинлаштириш, бу ноёб меросни маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаи ва таркибий қисмига айлантириш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг олий органи – Конференциясининг Уюшманинг таркибий тузилишини қайта кўриб чиқиш ва янги таҳрирдаги Низомини тасдиқлаш, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимларига қўшимча штатлар ажратиш ҳақидаги қарори маълумот учун қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини таъминлашни кучайтириш мақсадида: 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Уюшма билан биргаликда ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк шаклидан қатъи назар, барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, электрон ОАВ, нашриётлар томонидан муаллифлик гонорари тўлашни қонуний асосда таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олади;

китоб савдоси тизимини такомиллаштириш, жумладан, Уюшма аъзоларининг янги нашр этилган асарлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ўқувчиларга ўз вақтида етиб боришини, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари ишлаб топилган маблағлари, шунингдек, корхона ва ташкилотлар, хўжалик бирлашмаларининг ўз маблағлари ҳисобидан ушбу китобларни сотиб олишини ва улар билан ўз тасарруфидаги ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар, маданият саройлари, маънавият хоналарини таъминлаши бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 23 октябрдаги ПҚ–3350-сон қарорига мувофиқ Уюшма аъзолари учун:

Тошкент шаҳрида имтиёзли ипотека кредити асосида 110 та квартирали уй-жой қуриш ишлари бошлангани маълумот учун қабул қилинди;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда вилоятлар ҳокимликлари 2018-2021 йилларда ҳудудларда яшаб фаол ижод қилаётган, уй-жойга муҳтож Уюшма аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жойлар ажратиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади. Вазирлар Маҳкамаси мазкур режаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини қатъий назоратга олади;

 

Мазкур уй-жойларни тақсимлашда қонунийлик ва адолат мезонларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Уюшма аъзолари, жумладан, вилоятларда яшаётган ижодкорларга сифатли ва имтиёзли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплекси бир ой муддатда Уюшмага қарашли ижод уйлари ва ошхоналарни арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича аниқ режа ишлаб чиқади ва амалга оширади.

 

Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда “Дўрмон” ижод уйи ҳамда янги бунёд этилаётган “Паркент” ва “Зомин” ижод уйларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ушбу фонднинг ҳудудий бўлимларини тузиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. 

Амалдаги тартибга биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири “Ижод” жамоат фонди Васийлик кенгашига раислик қилишини инобатга олган ҳолда, фонднинг ҳудудий бўлимлари Васийлик кенгашларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ва вилоятлар ҳокимлари раис, ҳудудий университет ва институтлар ректорлари раис ўринбосарлари сифатида бириктирилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда “Ижод” жамоат фонди ҳудудий бўлимларининг молиявий манбаларини аниқлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

Уюшманинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш;

ўз ҳудудида яшаётган Уюшма аъзолари ҳамда истеъдодли ва истиқболли ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

Уюшма аъзолари иштирокида маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ва таълим муассасаларида мунтазам маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарида шартнома асосида ижодий учрашувлар ташкил этиш ишларига шахсан масъул экани белгилаб қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Уюшма билан биргаликда бир ой муддатда Уюшма ҳудудий бўлимларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси билан биргаликда Уюшма ҳузуридаги “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ҳудудий бўлимларни 1 та (битта)дан енгил хизмат автотранспорт воситалари билан таъминлаш чораларини кўриш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда Уюшма муассислигида нашр этиладиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи” – “Звезда Востока”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик”, “Амударё” журналлари таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Мамлакатдаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, хўжалик бирлашмалари, компаниялар ва банклар билан маданият ва санъат ташкилотлари ўртасида йўлга қўйилган “Дўстлар клублари” фаолиятининг ижобий самара бераётганини инобатга олган ҳолда:

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ва “АKFA” МЧЖ; 

“Шарқ юлдузи”–“Звезда Востока” журналлари ва “IMZO” МЧЖ;

“Жаҳон адабиёти” журнали ва “Delta-Qurmah” МЧЖ;

“Ёшлик” журнали ва “Universal Paсking Masters” МЧЖ;

“Амударё” журнали ва “Ўзқурилишматериаллари” АЖ ўртасида “Дўстлар клублари”ни тузиш, шартнома асосида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлар қўллаб-қувватланди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида Олий адабиёт курсини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.

 

Белгилаб қўйилишича, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Олий адабиёт курсига бакалавр даражасига эга бўлган ва адабиёт соҳасида ўз ижодий қобилиятини намоён этган ижодкорлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ танлов асосида қабул қилинади