Создать публикацию

Uz

Шавкат Мирзиёев Tashkent City борасида ўз фикрларини билдириб ўтди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Tashkent City халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида барпо этилаётган замонавий иншоотлар қурилиши билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Пойтахтнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилаётган Tashkent City халқаро ишбилармонлик маркази шундай замонавий марказлардан бўлади. Лойиҳага мувофиқ бу ерда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, Конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ижтимоий ва бошқа объектлар барпо этилади.

Бугунги кунда Tashkent City ҳудудида Конгресс-холл ва замонавий меҳмонхона қурилиши жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.

Конгресс-холл олий даражадаги меҳмонлар иштирокида халқаро анжуманларни ўтказишга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги пайтда хорижлик қурувчи-муҳандислар томонидан Жет Гроут технологияси асосида қозиқ қоқиш ва пойдевор ишлари бажарилмоқда. Жами 4100 та шундай қозиқ қоқилади ва уларнинг умумий узунлиги 50 километрга етади.

Йигирма қаватдан иборат беш юлдузли меҳмонхона энг замонавий қулайликларни ўзида мужассам этади. Ушбу меҳмонхонада ҳам нуфузли анжуманлар ўтказиш учун заллар, ресторанлар, салонлар, бассейнлар қурилади. Иккала иншоотдан бир-бирига махсус кўприк орқали ўтиш мумкин бўлади.

Президент лойиҳалар билан танишар экан, мазкур иншоотларни энг замонавий технологиялар ва меъморлик андозалари асосида барпо этиш кераклигини таъкидлади.

«Tashkent City шаҳар ичидаги янги шаҳар бўлиши керак, бу шаҳарча катта суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистонимизнинг бор салоҳиятини ўзида тўла намоён этиши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қурилишни тезлаштириш, иншоотларни 2019 йил август ойида фойдаланишга топшириш юзасидан зарур топшириқлар берилди.