Создать публикацию

Uz

Наманганда автомобиль ўғриси 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди

 

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Уйчи туман суди тўртинчи марта қонунбузарликка қўл урган 26 ёшли О. Акбаровга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматининг хабар қилишича, у дастлаб 2013 йил март ойида Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик) билан судланган, аммо ярашув билан иш ҳаракатдан тугатилган. Иккинчи марта жиноят ишлари бўйича Косонсой туман судининг 2013 йил 7 майдаги ажримига кўра ЖК 169-моддаси 2-қисмининг «г» банди (хонадонга кириб ўғирлик қилиш) судланиб, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги 2012 йил 5 декабрдаги Қарори татбиқ этилиб, айблилик масаласи ҳал қилинмасдан жиноят иши ҳаракатдан тугатилган.

Давлат томонидан берилган имтиёзни қилмишлари учун имконият деб қабул қилган шахс жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг 2015 йил 9 сентябрдаги ҳукмига кўра ЖК 166-моддасининг 1-қисми (талончилик), 25, 169-моддаси 3-қисмининг «а» банди, 169-моддаси 3-қисмининг «а» банди (такроран ўғирлик қилиш), 223-моддаси 2-қисмининг «в» банди (қонунсиз чет элга чиқиш ва Ўзбекистонга кириш) билан 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Аммо О. Акбаровга бу ҳам камлик қилган. 2017 йил 21 август куни соат 23:50 ларда О. Акбаров «Уйчи вино пункти» биноси олдида фуқаро Н. Ахуновга тегишли «ВАЗ-2106» русумли автомашинани ҳайдаб кетиб, Янгиқўрғон тумани Хўжашўркент маҳалласида қолдириб кетган.

Судда О. Акбаров айбига иқрор бўлиб, шу куни маст ҳолатда спиртли ичимликлар дўкони қаршисида қолдирилган автомобилни ўз ёнидаги калит билан ўт олдириб, ҳайдаб кетганини тан олди.

Суд О. Акбаровга нисбатан жазо тайинлашда унинг илгари қасддан содир этган жинояти учун бир неча маротаба судлангани, охирги ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташи давомида қасддан жиноят содир этганини қонуний равишда жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаб, унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим топди.

Суднинг 2018 йил 23 январдаги ҳукми билан О. Акбаровга ЖК 267-моддасининг 1-қисмига асосан муқаддам тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди