Создать публикацию

Эрдўған Косовони Гуленни қўллаб-қувватлашда айблади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Косово бош вазири Рамуш Харадинайни турк мухолифи Фатҳулла Гуленни қўллаб-қувватлашда айблади. 

Аввалроқ Харадинай ички ишлар вазири Флямур Сефай ва Косово разведка агентлиги директори Дритон Гашини истеъфога чиқарди. Бундай қадамга Косоводаги “Мехмет Акиф” коллежи 6 ходимининг Гулен ташкилоти аъзолари ҳисобланишлари гумони билан ҳибсга олиниши бўлган.

Anadolu ахборот агентлигининг маълум қилишича, гумонланувчилар Косово разведка хизмати кўмагида Миллий разведка хизмати ходимлари томонидан ушланиб, Туркияга етказилган.  

“Турк разведкачиларининг ҳаракатларига жавобан Косово бош вазири ички ишлар вазири ва разведка хизмати раҳбарини лавозимларидан олиб ташлагани айниқса ранжитади. Косово ҳукумати бу тариқа кимнинг буюртмасини бажарган? Қачондан бери у Туркияда тўнтарувга алоқадор кишиларни ҳимоялай бошлади? Ишончим комилки, Косоводаги оға-иниларимиз бундай бош вазирнинг сиёсатини қўллаб-қувватламайди. Гуленнинг шериклари ўз ҳаракатлари учун жавоб берадилар”, деб айтган Эрдўған Истанбулдаги чиқишида.  

Эрдўғаннинг айтишича, Анқара Косовони биродар давлат сифатида қабул қилган бир пайтда Приштина Туркияда давлатни тўнтаришга уринишни ташкиллаштирганлар юзини беркитмоқда. 

Туркияда 2016 йил 16 июлга ўтар кечаси давлат тўнтарувига уриниш бўлиб ўтган. Мамлакат раҳбарияти бунда Гуленнинг ташкилоти FETO’ни айблаб келади. Ҳозирда АҚШда яшаётган Гулен тўнтарувни қоралаб, ўзига қўйилган айбловларни рад этган.

Манба кун.уз