Создать публикацию

Давлат хавфсизлик хизмати қандай ҳуқуқларга эга бўлади?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XIV ялпи мажлисида сенаторлар «Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ёқлаб овоз берди. Эндиликда қонун ҳужжати Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан имзоланиши кутилмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ДХХ давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда бир қанча ҳуқуқларга эга. Хусусан, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ҳужжатларини, шу жумладан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, уларни шахсий кўрикдан ўтказиш, ашёларини, транспорт воситаларини ҳамда ташилаётган юкларни кўздан кечириши шундай ҳуқуқлар сирасига киради.

Бундан ташқари, ДХХ мансабдор шахслар ва фуқаролардан тезкор-қидирув, қидирув ҳамда бошқа тадбирлар, терговга қадар текширишлар ва тергов ҳаракатлари ўтказиладиган жойларни тарк этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг турар жойларига ва бошқа объектларга тўсқинликларсиз кириш, зарурат бўлганда қулфлаш мосламалари ва бошқа ашёларни бузган ҳолда кириши мумкин. ДХХда бу жойларни жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётган шахслар таъқиб қилинаётганда ёхуд у ерда жиноят содир этиляпти ёки содир этилган ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яширинган шахс бор деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд бўлганда (ёхуд кечиктириш фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини хавф остида қолдирадиган бўлса) 24 соат ичида прокурорга бу ҳақда хабар берган ҳолда, шунингдек етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаган ҳолда кўздан кечириш ҳуқуқи ҳам мавжуд.

ДХХ раиси давлат хавфсизлигига таҳдид юзага келган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши мажлисини таклифи билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат этишга ҳақли.

Давлат хавфсизлик хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Манба кун.уз